OLX Ўзбекистонда устун мавқега эга деб тан олинди

Бугун 11:121 дақиқа

Рақобат қўмитаси OLX платформасини Ўзбекистондаги онлайн эълон жойлаштириш хизматлари бозорида устун мавқега эга рақамли оператор сифатида эътироф этди. Энди компания фаолияти монополияга қарши назорат доирасида кузатиб борилади.

OLX Ўзбекистонда устун мавқега эга деб тан олинди © politico.kz

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси “OLX Classifieds” компаниясини онлайн реклама ва эълон жойлаштириш хизматлари бозорида устун мавқега эга платформа деб эътироф қилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Қонунчиликка мувофиқ, устун мавқега эга деб топилган компанияларга нисбатан махсус монополияга қарши талаблар жорий этилади. Шу сабабли OLX'да мажбурий “Монополияга қарши комплаенс” тизими ишга туширилади. Қўмита платформа томонидан бозор устунлигини суиистеъмол қилиш ҳолатлари юзага келмаслиги учун доимий мониторинг ўтказиб боради.

Маълумот учун, “OLX Group” ҳозирги кунда 30 га яқин мамлакатда онлайн савдо ва хизмат кўрсатиш платформаларини бошқариб келмоқда. Унинг таркибига OLX, Otomoto ва Property24 каби брендлар киради. Prosus эса технология соҳасида дунёдаги энг йирик инвесторлардан бири саналади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил августида Грузия ва Ўзбекистонда рақамли молиявий экотизимни ривожлантираётган “TBC Bank Group” OLX Uzbekistan акцияларининг назорат пакетини сотиб олганди. Мазкур келишув мамлакат рақамли бозоридаги энг йирик инвестиция лойиҳаларидан бири сифатида баҳоланган.

Маълумотларга кўра, OLX Ўзбекистонда энг кўп ташриф буюриладиган сайтлар орасида олтинчи ўринни эгаллаб, ойига 5,4 миллион фаол фойдаланувчига хизмат кўрсатади. Платформа мамлакат интернет аудиториясининг 20 фоизидан ортиғини қамраб олган.

Теглар

Мавзуга оид