OLX Қозоғистон 75 млн долларга сотилди

Beeline Қозоғистон OLX Group’дан OLX Қозоғистон онлайн эълонлар бизнесининг 100 фоизини сотиб олиш тўғрисида келишув имзолади.

OLX Қозоғистон 75 млн долларга сотилди

VEON компаниясининг Қозоғистондаги операцион бўлинмаси — Beeline Қозоғистон OLX Group’дан OLX Қозоғистон онлайн эълонлар бизнесининг 100 фоизини сотиб олиш тўғрисида келишув имзолади. Бу ҳақда 21 октябр куни халқаро рақамли оператор VEON Ltd. ва OLX Group эълон қилди.

Beeline матбуот хизматининг хабарига кўра, битим суммаси 75 миллион долларни ташкил этади. Битимни якунлаш муддати белгиланмаган. Келишув тартибга солувчи идоралар томонидан тасдиқланиши лозим.

Қозоғистонда OLX’дан ҳар ойда 10 миллион фаол фойдаланувчи фойдаланиши қайд этилган. 2025 йил 30 июн ҳолатига кўра, платформада 3,6 миллион эълон жойлаштирилган бўлиб, ойлик аудитория мамлакатдаги фаол интернет фойдаланувчиларининг 52 фоизидан ортиқни ташкил этган.

«Beeline Қозоғистон рақамли хизматлар экотизимига эълонлар онлайн-майдонини интеграция қилишдан катта синергия салоҳиятини кўрмоқда. Мобил оператор OLX КЗ орқали мижозларга рақамли хизматларнинг кенг қамровли ва интеграциялашган тўпламини таклиф этишни ва платформа ёрдамида янада кўпроқ фойдаланувчиларни жалб қилишни режалаштирмоқда», - деган Beeline Қозоғистон бош директори Евгений Настрадин.

OLX Group бош директори Кристиан Гизининг таъкидлашича, мазкур битим компаниянинг асосий тоифалар ва устувор бозорларга эътибор қаратиш стратегиясига тўлиқ мос келади.

Beeline Қозоғистоннинг OLX Қозоғистонни сотиб олиш бўйича битими тартибга солувчи органларнинг тасдиғини ва ёпилишнинг стандарт шартлари бажарилишини талаб этади.

Аввалроқ, TBC Bank Group Ўзбекистондаги энг йирик онлайн эълонлар платформаси — OLX Uzbekistan акцияларининг назорат пакетини қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик. Битим Titan Investments халқаро инвестиция ҳолдинги билан қўшма корхона орқали амалга оширилган. TBC назорат пакетини (50 фоиз + 1 акция), Titan Investments эса қолган улушни олади.

Теглар

Мавзуга оид