
Омонатлар пастламоқда, кредитлар эса ўзгаришсиз: мустаҳкамланган сўмнинг бозорга таъсири
Сўм мустаҳкамлангач, омонатлар фоизи тушиб бормоқда, аммо кредитлар арзонлашмаяпти. Банк бозорида фоизлар нега бир-бирига зид тарзда ҳаракатланаётгани айрим саволларни уйғотмоқда.

Марказий банк икки ойлик танаффусдан сўнг эълон қилган кўрсаткичлар омонатлар ва кредитлар бўйича ставкаларнинг бир-бирига тескари йўналишда ўзгараётганини кўрсатди. Қизиғи шундаки, сўмдаги омонатлар фоизи тез суръатда тушаётган бир пайтда сўмдаги кредитлар қарийб ўзгаришсиз қолмоқда, валютадаги кредитлар эса аксинча кўтарилмоқда.
Кредит ставкалари нега пасаймаяпти? — банк маржаси баландлигича қолмоқда
Сўмдаги кредитларнинг ўртача ставкаси 23,3 фоизни ташкил этди ва бир ойда бор-йўғи 0,1 фоиз бандга тушди. Жисмоний шахсларга ажратилган кредитларда бироз пасайиш (−0,6 фоиз) кузатилган бўлса, корпоратив сегментда аксинча, ўсиш (+0,3 фоиз) қайд этилди.
Бу қуйидаги омиллар билан боғлиқ:
банклар фоиз маржасини юқори даражада сақлаб туришга интиламоқда;
корпоратив кредитлар бўйича хавф омиллари ошган;
бозор рақобати етарли даражада шаклланмаган.
Иқтисодчи экспертлардан бирининг Vaqt.uzʼга изоҳлашича, банклар ушбу эҳтимолий ўзгаришга олдиндан мослаша бошлаган бўлиши мумкин. Одатда, бу аввал кредит ставкаларида, кейин эса омонат ставкаларида намоён бўлади.
Сўмдаги омонатлар сезиларли тушди: банклар ликвидлиги етарлими?

Манба: Марказий банк
Октябрь ойидаги маълумотларга кўра, сўмдаги депозитларнинг ўртача ставкаси 19 фоизга (−0,3 фоиз) тушган. Бунда аҳоли омонатлари бўйича ставка 20,9 фоизни ташкил этган — бу 2023 йил майидан буён кузатилган энг паст кўрсаткичдир. Корпоратив депозитлар ставкаси эса 17,1 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолган.
«Бундай пасайишнинг асосий сабаби — банк тизимидаги ликвидликнинг ортиши. Ортиқча ликвидликнинг пайдо бўлиши банкнинг депозит жалб қилиш қарорига салбий таъсир қилади ҳамда бу ставкаларни пасайтирган бўлиши мумкин. Масалан, юқори ликвид активлар даражаси сентябр охирида 18 фоизга етган», — деб изоҳ берди иқтисодчи.
Бундан ташқари, Марказий банк август ойидан бошлаб қисқа муддатли фоиз ставкасида облигациялардан фаол фойдаланишни бошлади. Бу ҳам монетар сиёсат трансмиссиясини ошириши орқали ставкаларга таъсир кўрсатаётган бўлиши мумкин.

Манба: Марказий банк
Сўмдаги депозитлар ставкасига эътибор берсак, асосий пасайиш бир йилдан узоқ муддатли депозитларда юз бермоқда. Бу эса монетар инфляциянинг секинлашиши фонида агентлар, яъни банк ва мижозлар кутилмалари яхшиланётгани билан изоҳланиши мумкин.
Иқтисодчига кўра, банк инфляцион кутилмаларни пасайтирар экан, узоқ муддатли омонатлар бўйича ставкаларни ҳам пасайтиришни бошлайди.
Сўм мустахкамланиши валютадаги кредитлар ставкасини оширган

Манба: Марказий банк
Глобал бозорларда фоизлар тушаётганига қарамай, сўнгги ойларда сўмнинг сезиларли мустаҳкамланиши туфайли валютада кредитлар афзаллиги пайдо бўлди ва натижада кредит ставкалари кўтарилмоқда. Натижада хорижий валютадаги кредитларнинг ўртача ставкаси 10,4 фоизга кўтарилди. Бир йилдан ортиқ муддатли кредитларда ўсиш 0,5 фоиз бандни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, банклар учун ҳам валютада кредит ажратиш афзаллик касб этмоқда. Бу кредит бозорининг валюта динамикасига сезгирлигидан далолат беради.

Манба: Марказий банк
Валютадаги депозитлар ставкалари сўмдагига нисбатан пастламаяпти
Валютадаги депозитлар ставкаси сўмдаги омонатлардан фарқли равишда пасаймаган. Октябр якунига кўра, ўртача ставка 5,1 фоиз даражасида қолган. Бунда валютадаги омонатлар ставкаси 5,2 фоизгача (+0,1 фоиз) кўтарилган бўлса, корпоратив депозитлар ставкаси 4,9 фоизни (−0,2 фоиз) ташкил этган.
Валюта депозитлари ўсмаслиги банкларнинг мажбурият бошқарувига босим кучайтириши мумкин.
Иқтисодчи экспертнинг қайд этишича, жисмоний шахслар томонидан хорижий валютадаги депозитлар ҳажми охирги ойларда қисқарган ёки деярли ўсмаётган. Аҳоли орасида миллий валютага бўлган ишончнинг ўсиши туфайли омонатларнинг асосий қисми айнан сўмда сақланаётгани кузатилади.
Бунга қўшимча равишда, банкларнинг ўз балансларида ҳануз юқори даражадаги хорижий валютадаги мажбуриятлар мавжуд. Шу боис банклар ушбу мажбуриятларни мувозанатли ушлаб туриш ва валюта ликвидлигида муаммо келиб чиқмаслиги учун валюта депозитлари бўйича ставкаларни оширишга мажбур бўлиши мумкин. Бу эҳтимолий ҳолат, банклар томонидан кўрилаётган эҳтиёт чораси сифатида баҳоланади.
Мутахассиснинг таъкидлашича, бу маълумотлар бир ой олдинги бюллетендан олинган бўлса-да, умумий бозор тенденцияси билан тўлиқ мос келади ва хулосаларга таъсир қилмайди.
Банк бозоридаги фоиз ставкалари ҳозирда мутлақо бир хил йўналишда эмас, балки турли омиллар таъсирида зид йўналишларда шаклланмоқда. Сўмдаги депозитлар ликвидликнинг ортиши ва инфляцион кутилмаларнинг пасайиши сабаб тез тушмоқда, сўмдаги кредитлар эса хавф даражаси ва паст рақобат туфайли қимматлигича қолмоқда. Валюта сегментида эса сўм мустаҳкамланиши ортидан кредитлар ўсмоқда, депозитлар эса банкларнинг валюта мажбуриятларини бошқариши туфайли ўзгармасдан қолмоқда. Умуман олганда, бу жараёнлар банклар учун қулай муҳит яратса-да, аҳоли ва бизнес учун кредит ресурсларининг арзонлашишига хизмат қилмаяпти. Агар рақобат кучайтирилмаса ва пул-кредит сиёсатидаги сигналлар қатъийлашмаса, ставкалардаги бу номутаносиблик яқин муддатда ҳам сақланиб қолиши мумкин.
Сўмнинг мустаҳкамланиши қандай кечмоқда?

Инфографика: @mirkonomika
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таҳлил қилинишича, май ойидан бери сўм танлаб олинган кўплаб валюта жамоалари орасида энг тез мустаҳкамланаётган валюталардан бирига айланган. Январ–май ойларида курс деярли ўзгармаган, катта тебраниш кузатилмаган. Сўмнинг тез мустаҳкамланиши айнан май ойидан сўнг бошланган. Шу билан бирга, майдан бери сўмнинг кунлик тебранишлари ҳам кучайган. Майдан буён сўм доллар курсининг нисбатига кўра 8,7 фоиз мустаҳкамланган.
Таққослаш учун: шу даврда рубл долларга нисбатан 3,7 фоиз мустаҳкамланган бўлса, Қозоғистон тенгеси 1,2 фоиз қадрсизланган. Швейцария франки (2,2 фоиз) ва евро (2 фоиз) долларга нисбатан мустаҳкамланган, фунт (1,3 фоиз) ва япон иенаси (8,6 фоиз) эса қадрсизланган.
Сўмнинг йил давомида тарихий мустаҳкамланиши ноаниқликлар фонида доллар индексининг пасайиши, олтин нархининг юқори ўсиши (йил бошига нисбатан 58 фоиз), экспорт тушумларининг ошгани (10 ойда олтин экспорти 10 млрд долларга етган), инвестициялар оқимининг сезиларли кўпайиши (ярим йилликда 6,5 млрд доллар, 53 фоиз ўсиш), пул ўтказмаларининг кутилганидан юқори бўлиши каби омиллар билан изоҳланади. Хусусан, пул ўтказмалари 10 ойда 15,8 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 25 фоизга ўсган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк маълумотига кўра, сўм долларга нисбатан октябрда 6,4 фоизга мустаҳкамлангани хабар қилинган эди. Сентябрда эса бу кўрсаткич 3–4 фоизни ташкил этган.
Теглар






