Онлайн қимор ўйинларини реклама қилган блогерлар жавобгарликка тортилди

19.02.2026 | 15:491 дақиқа

Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқларда букмекерлик хизматларини тарғиб қилган блогерларга нисбатан маъмурий чоралар кўрди.

Онлайн қимор ўйинларини реклама қилган блогерлар жавобгарликка тортилди

Ижтимоий тармоқларда бир қатор блогерлар қимор ўйинларини тарғиб қилгани аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Рақобат қўмитаси томонидан ахборот ресурслари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган рекламаларнинг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан тизимли ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб борилган.

Таҳлиллар давомида бир неча юз минглаб кузатувчиларига эга саҳифаларда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар реклама қилингани қайд этилган. Хусусан, саҳна кўринишлари орқали жойлаштирилган видео-роликларда мазкур хизматлар очиқ тарзда тарғиб этилган.

Қўмита томонидан бу каби контентлар блогер Ф.Ш ва Д.Б'га тегишли экани аниқланган. Уларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали букмекерлик хизматлари реклама қилинган ҳолатлар кузатилган.

Қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан блогерлар белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилган ва тегишли ҳужжатлар суд органларига тақдим этилган.

Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ мамлакат ҳудудида қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни реклама қилиш тақиқланади. Бундай фаолиятни тарғиб этиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Теглар

Мавзуга оид