
OpenAI ва Amazon ўртасида 38 миллиард долларлик шартнома тузилди
Бу шартнома OpenAIга Nvidia график процессорларидан фойдаланиш имкониятини беради.

Amazon’нинг булутли бўлинмаси Amazon Web Services ва OpenAI компанияси 38 миллиард долларлик шартнома тузди. Бу шартномага кўра, OpenAI юз минглаб Nvidia график процессорларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Amazon матбуот хизматининг хабарида айтилган.
Баёнотда таъкидланишича, компаниялар узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик ўрнатди.
«Кейинги етти йил давомида кенгайиб борадиган 38 миллиард долларлик ушбу янги келишув доирасида OpenAI юз минглаб замонавий Nvidia график процессорларини ўз ичига олган AWS ҳисоблаш қувватларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади», - дейилади хабарда.
Amazon вакиллари таъкидлашича, АWС нинг булутли инфратузилма соҳасидаги етакчилиги OpenAI ’нинг генератив сунъий интеллект соҳасидаги илғор ютуқлари билан биргаликда миллионлаб одамларга ChatGPT билан мулоқот қилишдан фойдаланишни давом эттириш имконини беради.
«АWС нинг илғор инфратузилмаси OpenAIнинг сунъий интеллект соҳасидаги мақсадларини амалга ошириш учун пойдевор бўлади», - деди AWS бош директори Метт Гарман.
Bloomberg таҳлилчиларининг фикрича, бу келишув ChatGPT ишлаб чиқарувчиси OpenAI'нинг технология соҳасини ўзгартирган сунъий интеллект (СИ) гигантига айланишининг навбатдаги тасдиғи бўлди.
«Компания ўзининг сунъий интеллект моделларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш учун инфратузилмага 1,4 триллион доллар сарфлашни режалаштирмоқда. Бу эса инвестиция пуфаги хавфи ҳақидаги ташвишларни келтириб чиқарди», - дейилади нашрда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта, 28 октябр куни OpenAI Microsoft билан ҳамкорликнинг янги босқичи бошланганини маълум қилган эди.
Компания маълумотларига кўра, Microsoft ChatGPT чатботи ишлаб чиқувчисини қайта молиялаштириш натижасида OpenAI тижорат тузилмасининг тахминан 27 фоиз улушини қўлга киритади. OpenAI корпоратив тузилмани ўзгартирмоқда: у OpenAI Group PBC тижорат ташкилотини назорат қиладиган ОпенАИ Фоундатион нотижорат тузилмасини ташкил этди.
Сўнгги пайтларда OpenAI сунъий интеллект соҳасидаги компаниялар билан 1 триллион долларлик шартномалар тузди. Таҳлилчилар ЧатГПТ ишлаб чиқарувчисининг олтин қўли ҳақида гапиришмоқда, чунки у ҳамкорлик қилаётган компанияларнинг акциялари ўнлаб фоизга кўтарилмоқда.
Октабр ойи бошида OpenAI дунёдаги энг қиммат хусусий компанияга айланди: ходимларининг акцияларини сотиш натижасида унинг қиймати 500 миллиард долларга етди.





