Logo

Оқ уй COVID-19 Ухандаги лабораториядан тарқалганини даъво қилмоқда

Бугун 09:002 дақиқа

Суриштирувда таъкидланишича, вирус табиий бўлмаган хусусиятларга эга ва Ухандаги лаборатория ходимлари касаллик тарқалишидан олдин, 2019 йилнинг кузидаёқ касалланган.

Оқ уй COVID-19 Ухандаги лабораториядан тарқалганини даъво қилмоқда

АҚШ ҳукумати Вакиллар палатасининг коронавирус пандемияси бўйича қўмитаси хулосаларига таяниб, COVID-19 Ухандаги лабораториядан сизиб чиққан деган хулосани илгари сурмоқда. Шунингдек, ниқоб ва масофалашув каби чекловлар етарли илмий асосга эга бўлмагани иддао қилинган. Бу ҳақда Оқ уйнинг расмий веб-сайтида эълон қилинган ҳисоботда айтилади.

Конгресс суриштирувидаги 5 та асосий далил ва лаборатория назарияси

Ҳужжатга кўра, АҚШ Конгресси суриштирувида вируснинг лабораториядан сизиб чиққанини кўрсатувчи қуйидаги 5 та асосий далил келтирилган:

1. Оқ уй даъвосича, вирус табиатда учрамайдиган биологик хусусиятларга эга.

2. Маълумотлар барча COVID-19 ҳолатлари одамга фақат бир марталик юқишдан (инфекция ўтишидан) келиб чиққанини кўрсатмоқда. Таъкидланишича, бу вируснинг ҳайвондан одамга кўп марта ўтиши кузатилган аввалги пандемияларга зиддир.

3. Уханда Хитойнинг SARS бўйича етакчи тадқиқот лабораторияси жойлашган. АҚШ томонига кўра, ушбу марказ етарли бўлмаган биологик хавфсизлик шароитида вирус функцияларини кучайтириш бўйича тадқиқотлар ўтказиш тарихига эга.

4. Қўмита маълумотларида 2019 йилнинг кузида, COVID-19 бозорда аниқланишидан бир неча ой олдин Ухан вирусология институти (WIV) тадқиқотчиларида Ковидга ўхшаш симптомлар кузатилгани айтилади.

5. Ҳисоботда қайд этилишича, деярли барча илмий мезонларга кўра, агар вируснинг табиий келиб чиқишига доир далиллар бўлганида, улар аллақачон юзага чиққан бўларди, аммо бундай далиллар йўқ.

Шунингдек, ҳужжатда АҚШнинг собиқ бош инфекционисти доктор Энтони Фаучи вируснинг табиий келиб чиқиши ҳақидаги қарашни илгари суриш учун соғлиқни сақлаш расмийларини ва ОАВни ундагани таъкидланади.

Бундан ташқари, «EcoHealth Alliance» ташкилоти АҚШ солиқ тўловчиларининг пулларидан Уханда хавфли тажрибалар ўтказишда фойдалангани иддао қилинмоқда. Ҳозирда бу ҳолат бўйича АҚШ Адлия вазирлиги (DOJ) тергов бошлагани айтилган.

Терговга тўсқинлик ва ЖССТ фаолиятига баҳо

Ҳисоботда АҚШ Соғлиқни сақлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш департаменти (HHS), Миллий соғлиқни сақлаш институтлари (NIH) ва Нью-Йорк маъмурияти тергов ишларига қасддан тўсқинлик қилгани даъво қилинган. Хусусан, доктор Фаучининг собиқ маслаҳатчиси Дэвид Моренс федерал ҳужжатларни ноқонуний равишда ўчириб ташлагани ва Конгрессга ёлғон кўрсатма бергани таъкидланган.

АҚШ томонининг даъво қилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) пандемияга қарши ҳаракатлари ҳам муваффақиятсиз бўлган. Ташкилот Хитой Коммунистик партияси босимига ён бериб, ўзининг халқаро мажбуриятларини бажара олмагани ҳамда янги «Пандемия шартномаси» АҚШга зарар келтириши мумкинлиги билдирилган.

Теглар

Мавзуга оид

Оқ уй COVID-19 Ухандаги лабораториядан тарқалганини даъво қилмоқда | Vaqt.uz