
Оқ уй Мадуронинг зудлик билан истеъфо беришини талаб қилмоқда — CNN
CNN манбаларига кўра, Николас Мадуро АҚШга 18 ойдан кейин кетишга тайёрлигини маълум қилган, аммо Вашингтон уни дарҳол истеъфога чиқишга мажбур қилмоқда.

Венесуэла президенти Николас Мадуро ўз ҳокимиятини тарк этишга тайёр экани ҳақида сигнал берган, бироқ унинг таклифи Вашингтон талабларига мос келмаяпти. CNN манбалари маълум қилишича, Мадуро АҚШ билан бир нечта яширин каналлар орқали мулоқотга киришиб, 18 ой ичида тинч йўл билан лавозимини тарк этишга розилик билдирган.
Бироқ АҚШ маъмурияти, айниқса Оқ уй, бундай сценарийни қабул қилмаяпти. Вашингтон Венесуэла раҳбаридан дарҳол истеъфони талаб қилмоқда. Манбаларига кўра, музокараларда иштирок этаётган америкалик расмийларнинг айримлари Мадуронинг 18 ойлик ўтиш даври ҳақидаги таклифини «икки томон учун аҳволни енгиллаштириши мумкин», деб ҳисоблаган. Лекин Оқ уй бу позицияни қабул қилмади ва қатъий тарзда фақат тезкор ҳокимиятдан кетиш вариантни қўллаб-қувватламоқда.
CNNʼнинг ёзишича, сўнгги ҳафталарда Каракас ва Вашингтон ўртасидаги дипломатик алоқалар фаоллашган. Мадуро режими АҚШ билан бир неча канал орқали мулоқот олиб боряпти, музокаралар эса «фаол давом этмоқда». Шу билан бирга, АҚШ маъмурияти Венесуэладаги сиёсий вазиятни Россия билан боғлиқ кенг геосиёсий таҳдидлар контекстида кўриб чиқмоқда.
Николас Мадуро — Владимир Путиннинг яқин минтақавий иттифоқчиларидан бири сифатида давлат аппаратини қаттиқ назорат қилган, мухолифатни босим остига олган ва мамлакатни чуқур иқтисодий инқирозга олиб келган шахс сифатида баҳоланади.
Вашингтон унинг узоққа чўзилган «ўтиш даври» орқали ҳокимиятни ушлаб туришидан хавотирда. Америкалик расмийлар фикрича, бундай сценарий янги сиёсий жараёнларни бошлашга имкон бермайди ва мамлакатдаги инқирозни янада чуқурлаштириши мумкин.





