Ўқишни кўчиришда сертификатли талабаларга максимал балл берилади
Энди ўқишини кўчираётган сертификатли талабалар қўшимча имтиёзга эга бўлади. Янги тартиб уларга максимал ёки табақалаштирилган балл олиш имконини беради.

Олий таълим муассасаларида ўқув йили ўз ниҳоясига етиб, талабалар ёзги таътилга чиқди. Бу эса, ўз навбатида, талабалар ва уларнинг ота-оналари ўртасида ўқишни бир ОТМдан бошқасига кўчириш масаласини яна кун тартибига олиб чиқмоқда. Сўнгги вақтларда "Vaqt.uz" таҳририятига мазкур жараённинг тартиб-қоидаларига оид кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Шу боис, жамоатчиликни қизиқтираётган саволларга ойдинлик киритиш мақсадида таҳририят мухбири Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот котиби Назокат Азим билан боғланиб, бу йилги ўқишни кўчириш мавсумидаги асосий ўзгаришлар юзасидан изоҳ олди.
Вазирлик вакилининг маълум қилишича, ҳукуматнинг 2026 йил 11 июндаги 299-сон қарори билан хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан давлат олий таълим ташкилотларига талабалар ўқишини кўчириш тартибини белгиловчи янги маъмурий регламент тасдиқланган.
Сертификатли талабалар қандай имтиёзга эга бўлади?
Янги тартибга кўра, давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бакалавриат таълим йўналишларига ўқишни кўчириш жараёнида чет тили ҳамда умумтаълим фанлари бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга талабалар учун алоҳида имтиёз жорий этилади. Эндиликда бундай сертификат эгалари табақалаштирилган ёки максимал балл олиш имкониятига эга бўлади. Ушбу тизимни амалиётга тўлиқ жорий этиш вазифаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига юклатилган.
Ваколатли орган ва ариза топшириш тартиби Регламентга мувофиқ, ўқишни кўчириш борасида ваколатли давлат органи этиб Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги белгиланди. Агентлик аризаларни қабул қилиш ва натижаларни эълон қилиш жараёнларини тўлиқ мувофиқлаштиради.
Талабалар ҳар йили 15 июлдан 5 августгача ўқишни кўчириш учун ариза топширишлари мумкин. Аризалар қуйидаги платформалар орқали электрон тарзда қабул қилинади:
· Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП);
· Агентликнинг махсус электрон платформаси;
· Давлат хизматлари марказлари.
Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар ишчи орган томонидан 15 июлдан 6 августгача кўриб чиқилади. Шундан сўнг аризани қабул қилиш ёки рад этиш бўйича қарор қабул қилиниб, талабага ЯИДХП ёки махсус платформа орқали электрон хабарнома юборилади.
Аризани рад этиш асослари
Регламентга кўра, қуйидаги ҳолатларда аризалар рад этилиши мумкин:
· Зарур ҳужжатлар ёки маълумотлар тўлиқ тақдим этилмаганда;
· Аризада нотўғри ёки сохталаштирилган маълумотлар аниқланганда;
· Белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганда.
Имтиҳон натижаларини эълон қилиш Ўқишни кўчириш бўйича имтиҳон натижалари QR-код шаклида расмийлаштирилади. Ушбу натижалар имтиҳонлар якунланганидан кейин бир ҳафта ичида ариза берувчиларга электрон тарзда юборилади.
Янги регламент ўқишни кўчириш жараёнини янада шаффоф ва рақамлаштирилган тизим асосида ташкил этиш, шунингдек, халқаро ва миллий сертификатларга эга талабаларни рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Маълумот учун, аввалроқ Ўзбекистонда талабалар сони сўнгги беш йилда қарийб 1,5 миллионга етгани ва бир йил давомида 102 мингта ўсиш қайд этилгани ҳақида хабар берилган эди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,1 фоизга кўп бўлиб, мамлакатда олий таълим қамрови жадал кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Теглар

