Ўқитувчиларга субсидияга ариза қабул қилиш бошланди

Бугун 13:562 дақиқа

Субсидия миқдори максимум 21,2 млн сўмгача бўлиши мумкин. Ўзи ва турмуш ўртоғи номида умуман уй-жой бўлмаган ўқитувчиларга устуворлик берилади.

Ўқитувчиларга субсидияга ариза қабул қилиш бошланди

Бугун, 2026-йил 20-апрель соат 14:00 дан бошлаб олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга педагогларга ипотека кредитлари бўйича субсидиялар учун қабул очилди. Vaqt.uz қандай қилиб субсидия олиш ва нималарга эътибор қаратиш ҳақида тушунтиради.

Ўқитувчилар учун субсидия Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 19-февралдаги қарори билан ажратилмоқда. Низом бўйича субсидия ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг 25 фоиз қисмини қоплаб бериш учун берилади. 

Субсидия бу давлат томонидан ажратиладиган, қайтарилиши шарт бўлмаган маблағ тури ҳисобланади. 

Ариза бўйича барча баҳолашлар, (стаж, тоифа, уй-жойи бор-йўқлиги) subsidiya.idm.uz платформасида инсон омилисиз амалга оширилади.

Бу ёрдамни олиш учун қуйидаги усуллар бор:

— Давлат хизматлари марказларига бевосита мурожаат қилиш;

— мйГов мобил иловаси;

my.gov.uz порталида, мазкур ҳавола орқали ариза топшириш.

Мен мос келаманми? 

Дастур доирасида ажратилаётган субсидия учун ўқитувчилар камида 15 йиллик иш стажига ва олий малака тоифасига эга бўлиши лозим. Ариза топшириш вақтида ариза берувчи 60 ёшдан ошмаган бўлиши ва номида мамлакат бўйича уй-жой бўлмаслиги ҳам талаб қилинади. 

Номзодларнинг баллари ҳисобланганда ўз номида ва турмуш ўртоғи номида уй-жойи умуман бўлмаган педагогларга биринчи навбатда устуворлик берилади. 

Бу дастур учун йилига 200 млрд сўмгача маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Агар аризалар жуда кўпайиб кетса, тизим баллар асосида энг муҳтожларни саралаб олади. 

Муҳим: Агар ариза берувчи бошқа субсидия дастурларидан фойдаланган бўлса ёки фойдаланаётган бўлса, ушбу педагогик ёрдамни олишига йўл қўйилмайди.

Субсидия миқдори қанча бўлади? 

Юқорида таъкидангандек, низом бўйича субсидия ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи миқдорида бўлиши белгиланган. Бунда тартиб фақат янги уйлар учун бериладиган давлат ипотека кредити учун амал қилади.

Давлат ипотека кредити ҳозирда банклар орқали Тошкент шаҳрида максимум 480 млн сўмгача, ҳудудларда 380 млн сўмгача ажратилади. 

Субсидия миқдорини бу формула орқали ҳисоблаймиз: СМ = КМ х 0,15 / 0,85 х 0,25

Бундан келиб чиқилса, Тошкент шаҳрида ипотека кредити учун бошланғич бадал максимум 84,7 млн сўм бўлиши мумкин. 

Натижада, бу ёрдамнинг максимум миқдори 21,2 млн сўм бўлади. Ҳудудларда эса бу кўрсаткич 16,8 млн сўмни ташкил қилади. 

Субсидия миқдори бундан тўғридан-тўғри кредит миқдори ва бошланғич бадалга боғлиқ тарзда ҳисобланади. 

Муҳим: дастур учун максимум 200 млрд сўм ажратилади. Бу дегани, маблағлар тахминан 10 000 нафарга яқин педагогга етиши мумкин. 

Шу боис ариза топширишдан олдин барча мезонларга мос келишини текшириш, ҳужжатларни тўғри тайёрлаш ва имкон қадар эрта мурожаат қилиш муҳим аҳамият касб қилади.

Теглар

Мавзуга оид