
Орол денгизида илмий-тадқиқот станцияси иш бошлади
Орол денгизида юзага келаётган экологик муаммоларни илмий асосда ҳал этиш учун Мўйноқдан 65 км узоқда махсус илмий-тадқиқот станцияси барпо этилди.

Орол денгизининг қуриган тубида юзага келаётган долзарб экологик муаммоларни илмий асосда ҳал этишга қаратилган амалий тадқиқотлар учун Мўйноқ туман марказидан 65 км узоқликдаги ҳудудда махсус илмий-тадқиқот станцияси барпо этилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу илмий-тадқиқот станциясида жами 24 та контейнер ўрнатилган бўлиб, шундан 20 таси яшаш учун, 1 таси ошхона, 2 таси ҳожатхона, 1 таси қоровулхона сифатида жиҳозланган. Ҳудуд тоза ичимлик суви, электр таъминоти, интернет алоқаси ҳамда доимий видео кузатув тизими билан тўлиқ таъминланган.
Лойиҳалар доирасида ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос ўсимликларни етиштириш, уларни парваришлаш ва касаллик ҳамда зараркунандалардан ҳимоялаш, шўрланган тупроқлар унумдорлигини тиклаш, туз ва қум миграцияси йўналишларини ўрганиш, биологик, метеорологик ва геологик тадқиқотлар ўтказиш ишлари амалга оширилади.
«Мазкур саъй-ҳаракатлар Оролбўйи ҳудудидаги экологик муҳитни яхшилаш, биохилма-хилликни тиклаш ҳамда чўл шароитида флора ва фауна ривожига илмий асосда кўмак беришга хизмат қилади», дейилади вазирлик хабарида.
Аввалроқ Vaqt.uz нашрининг «Фикр вақти» дастурида Россия медиасида кўтарилган Орол денгизи ва унга русларнинг Сибирдан сув олиб келиш ташаббуси ҳақида сўз борганди.





