add

Ортиқча хизмат автомобиллари сотувга чиқарилади

Кеча 18:302 дақиқа

Давлат органларидаги хизмат автопарки тўлиқ хатловдан ўтиб, меъёрдан ортиқ машиналар реализация қилинади.

Ортиқча хизмат автомобиллари сотувга чиқарилади

Ўзбекистонда давлат органлари ихтиёридаги хизмат автотранспорт воситаларини оптималлаштириш бўйича янги тартиб жорий этилмоқда. Президентнинг 27 декабрдан кучга кирган фармонига мувофиқ, хизмат машиналари хатловдан ўтказилиб, белгиланган меъёрдан ортиқ қисми сотувга чиқарилади. Бу чора давлат харажатларини қисқартириш ва давлат мулкидан фойдаланишда шаффофликни оширишга қаратилган.

Ҳужжатга кўра, Ҳисоб палатаси ҳамда Давлат молиявий назорат инспекцияси уч ой муддатда Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари фойдаланаётган хизмат автотранспорт воситаларини тўлиқ инвентаризация қилади.

Хатлов натижаларига кўра, амалдаги лимитлардан ортиқча деб топилган хизмат машиналари белгиланган тартибда сотилиши таъминланади. Кўрилган чора-тадбирлар ва эришилган натижалар ҳақида 2026 йил 1 июнга қадар Президент администрациясига ахборот киритилади. Шу билан бирга, давлат буюртмачилари кесимида автотранспорт воситаларини харид қилиш устидан доимий назорат ўрнатилади.

Ушбу қарор коррупцияга қарши курашиш ва давлат харидларида самарадорликни ошириш бўйича умумий сиёсатнинг давоми ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев аввалроқ давлат харидларида сотиб олинадиган товар ва хизматлар нархи ўртача бозор қийматидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаслиги шартлигини таъкидлаган эди.

Давлат раҳбари, шунингдек, хизмат автотранспортидан фойдаланишни кескин қисқартириш ва маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобилларга ўтиш зарурлигини билдирган. Бу талаблар давлат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид