add

ОТБ Ўзбекистонга микромолиялашни ривожлантириш учун 300 млн доллар ажратди

Ушбу маблағ микромолиялаш тизимини мустаҳкамлаш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилади.

ОТБ Ўзбекистонга микромолиялашни ривожлантириш учун 300 млн доллар ажратди

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга 300 миллион АҚШ доллари миқдорида, шундан 100 миллион доллари имтиёзли шартларда қарз ажратишни тасдиқлади. Бу ҳақда ОТБ маълум қилди.

Қайд этилишича, маблағлар микро, кичик ва ўрта корхоналарнинг молиявий ресурсларга етиши имкониятларини кенгайтиришга сарфланади. Айниқса, аёллар томонидан бошқарилаётган корхоналар ва заиф ижтимоий қатлам вакилларини молия билан таъминлаш устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Қарз дастури доирасида микрокредитларнинг максимал миқдорини ошириш, микромолиялаш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, исломий молия тизими учун норматив база яратиш ҳамда Тадбиркор аёлларни молиялаштириш халқаро кодексига қўшилиш режалаштирилган. Бу чоралар инклюзив иқтисодий ўсиш ва барқарор тадбиркорлик муҳитини ривожлантиришга хизмат қилади.

ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая таъкидлашича, дастур мамлакатда бозор иқтисодиётига асосланган, жамиятнинг барча қатламларини қамраб олган молия тизимини шакллантиришга ёрдам беради. Шунингдек, лойиҳа гендер тенглигини рағбатлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришни ҳам кўзда тутади.

Шунингдек, дастур доирасида депозит қабул қилувчи микромолиявий банклар ташкил этиш режалаштирилган. Бу орқали молиялаштириш имкониятлари янада кенгайиб, кичик бизнес учун янги молиявий инструментлар яратилади. Ҳозирга қадар иккита микромолиявий банкка дастлабки лицензия берилган.

Теглар

Мавзуга оид

ОТБ Ўзбекистонга микромолиялашни ривожлантириш учун 300 млн доллар ажратди | Vaqt.uz