
Отишмалар, жосуслар ва Каракасдаги қалъа: Мадурони қандай ўғирлаб кетишди?
Венесуэла ҳукмдори Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес АҚШ махсус тайинловли кучлари томонидан Каракасда тунги рейд чоғида ўғирлаб кетилди. Доналд Трампга кўра, операция пухта режалаштирилган бўлган.

Пўлат эшиклар ортига беркинмоқчи бўлган диктатор
АҚШнинг Венесуэла пойтахтида ўтказилган дадил ҳарбий операцияси тафсилотларини «Daily Mail» нашри баён қилди. Мақолада, аввало, Америка етакчисининг баёнотлари, шунингдек, қатор бошқа мансабдор шахслар ва АҚШ Марказий разведка бошқармасидаги манбаларга таянади.
Маълум бўлишича, Мадуро мустаҳкамланган бункерда бўлган — у қалъадек қўриқланган ва олти дюйм қалинликдаги пўлат эшиклар билан жиҳозланган махсус «хавфсиз хона»га эга эди. Венесуэла президенти шу хонага етиб олишга уринган, бироқ Америка ҳарбийлари бунга йўл қўймаган.
«У (Мадуро — таҳр.) эшикни ёпишга ҳам улгурмади, чунки бизнинг йигитлар ниҳоятда тез ҳаракат қилаётган эди. Биз уни кутилмаганда ушладикми? Қисман — ҳа, аммо улар нимадир бўлишини кутган. Қаршилик катта бўлди. Кўп ўқ узилди», — деди Трамп.
Операция тафсилотлари
Бир неча ҳафта давом этган тайёргарлик ишлари ва қулай об-ҳаво шароитини кутишдан сўнг, 2 январ куни соат 22:46 да АҚШ президенти «Absolute Resolve» («Мутлақ қатъият») операциясини маъқуллади. Рейд жараёнини АҚШ президенти ва унинг маслаҳатчилари Флорида штатида жойлашган Мар-а-Лаго қароргоҳидаги ҳимояланган хонанинг ўзида, реал вақт режимида кузатиб боришди.

Доналд Трамп рейд жараёнини реал вақт режимида кузатиш «жуда ажойиб» бўлганини таъкидлади.
«Мен буни том маънода телевизион кўрсатувни томоша қилаётгандек кузатдим. Агар сиз у ердаги тезликни, зўравонлик даражасини кўрганингизда эди — бу ҳайратланарли манзара эди», — деди АҚШ президенти.
Рейд бошланиши билан Каракас қоронғиликка чўмган. АҚШ президентининг айтишича, эвакуация гуруҳи ойлаб машқ қилган: «Улар кириб борган бинога айнан ўхшаш уйни қуриб, атрофини ҳамма жойи пўлат билан қоплаб чиқишган эди. Улар ҳар қандай вазиятга тайёр эди. Шундан сўнг биз барча чироқларни ўчирдик», дея тушунтирди буни Трамп.
Трамп Мадуронинг ҳаракатларини ойлаб кузатиб келган ва жойларда фаолият олиб борган Марказий разведка бошқармаси (МРБ) жосуслари электр тармоғини эгаллаб олдими ёки киберҳужум уюштирдими, деган саволга жавоб беришдан бош тортди.
«Каракасда чироқлар, асосан, бизда мавжуд муайян тажриба туфайли ўчирилди», деди Трамп.

АҚШ Қўшма штаблар қўмитаси раиси генерал Дэн Кейн операцияни амалга оширишда АҚШ Қуруқлик қўшинлари, Ҳарбий-денгиз кучлари, Ҳарбий-ҳаво кучлари, Денгиз пиёдалари, Махсус операциялар кучлари ва разведка идораларининг қўшма ҳаракатларини юксак баҳолади. Унинг сўзларига кўра, улар операция устида «ойлаб» ишлаган, жумладан, Мадуронинг ҳаракатлари, нималар кийиши, нималар ейиши, унинг фарзандлари ва ҳатто уй ҳайвонларигача ўрганилган.
«Бу миссия ўта синчковлик билан режалаштирилган эди. Бу фақат АҚШ амалга ошира оладиган даражада дадил операция бўлди. Шу қадар аниқ ва нозик эвакуация амалга оширилдики, унда Ғарбий яримшар бўйлаб қатъий мувофиқлашув асосида учирилган 150 дан ортиқ учиш аппарати иштирок этди. Улар барчаси бир вақт ва бир жойда жамланиб, қатламли таъсир ҳосил қилди — ягона мақсад йўлида: кутилмаганлик омилни сақлаган ҳолда Каракас марказига тўсиб кириш гуруҳини олиб кириш», деди генерал Дэн Кейн.
F-18, F-22 ва F-35 қирувчи самолётлари, Seahawk ва Chinook вертолётлари, B-1 товушдан тез учар бомбардимончилари ҳамда учувчисиз дронларни ўз ичига олган авиация гуруҳи декабр ойидан бери Венесуэла соҳиллари яқинида турган ўндан ортиқ АҚШ ҳарбий кемалари ва Gerald R. Ford авиаташувчи кемадан учирилди. Шунингдек, самолётлар Кариб ҳавзаси атрофида жойлашган АҚШ ҳарбий базаларидан ҳам ҳаракатга келтирилди.
Махсус тайинловли кучларни ташиган вертолётлар 160-Махсус операциялар авиация полкига мансуб бўлиб, «Night Stalkers» (Тунги изқуварлар) лақаби билан танилган. Улар орасида MH-60 Seahawk ва MH-47 Chinook вертолётлари бор эди. Delta Force вертолётлари Каракасга яқинлашаётган пайтда денгиз сатҳидан атиги 100 фут баландликда учган. Юқорида эса қирувчи самолётлар ва бомбардимончилар уларни қўллаб-қувватлаб, шаҳар атрофидаги бешта ҳарбий объектни бомбардимон қилган — бу ердаги мақсад Венесуэла қўшинларини чалғитиш бўлган.

АҚШ кучлари кеча Шарқий стандарт вақт бўйича соат 01:01 да Венесуэла етакчисининг қароргоҳига етиб борган ва соат 03:29 га келиб денгиз усти орқали USS Iwo Jima кемасига қайтиб олган. Бироқ Пентагондаги манбанинг айтишича, ер устидаги отишма ва Мадурони қўлга олиш жараёни 30 дақиқадан ҳам кам вақтни олган. Бутун операцияга эса 2 соату 28 дақиқа вақт сарфланган.
Қарийб ўн нафар махсус тайинловли аскар Мадуронинг қаттиқ қўриқланадиган қароргоҳи ҳудудига «fast roping» усулида — яъни вертолётдан арқонлар орқали тезкор тушиш орқали кириб борган ва шундан сўнг кучли ўқ ёмғири остида қолган.
Шундан сўнг, МРБ манбаси таърифлаганидек, «шафқатсиз» отишма бўлиб ўтди. Ундан кейин махсус тайинловли кучлар Форт-Тиуна ҳудудига кириб борди. Айнан шу ерда Мадуро ва унинг рафиқаси — тахминларга кўра, фақат пижамада бўлган ҳолда ўзларининг «хавфсиз макони» — темир эшиклар ортидаги бункерга киришга уринган.
Улар бошқа хонада ухлаб ётган, бироқ ўқ овозларидан уйғонишган. АҚШ ҳарбийлари жуфтликка етиб бориши билан «улар сониялар ичида ушлаб олиб чиқилди», деди Трамп. У, шунингдек, икки нафар америкалик ҳарбий «ҳаёт учун хавфли бўлмаган тарзда ўқ егани»ни қўшимча қилди.
Вертолётлардан бири ердан очилган ўққа дуч келган, бироқ хавфсиз тарзда USS Iwo Jima кемасига қайтиб олишга муваффақ бўлган.
Генерал Кейннинг айтишича, Нишон ҳудудига кириш пайтида вертолётлар ўққа тутилган ва улар бунга жавобан кучли ўт очиш ҳамда ўзини ҳимоя қилиш чораларини кўрилган.
«Самолётларимиздан бирига шикаст етди, аммо у учиш қобилиятини сақлаб қолди. Кучлар Мадуро қароргоҳига тушиб, тезлик, аниқлик ва интизом билан ҳаракат қилди ҳамда айблов эълон қилинган шахсларни ушлаш жараёнида ер устидаги гуруҳ хавфсизлигини таъминлаш учун ҳудудни тўлиқ ажратиб олди», деди генерал.
Мадуро ва унинг рафиқаси қароргоҳ ҳудудига қўнган вертолётга солиниб, олиб чиқилган.
Шундан кейин улар USS Iwo Jima кемасига етказилди ва Ню Йоркнинг Жанубий округи бўйича Федерал тергов бюроси (ФТБ) агентлари томонидан ҳибсга олинди. Шанба куни ФТБ Мадуро ва унинг рафиқасига нисбатан наркотерроризм, кокаин контрабандаси ҳамда пулемётларни сақлаш айбловлари билан айблов хулосасини эълон қилди.
Ушбу айблов хулосаси 2020 йилда АҚШ катта ҳакамлар ҳайъати томонидан чиқарилган ҳужжатнинг янгиланган талқини ҳисобланади.
АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Мадуро ҳақида шундай деди: «У оқибатини ўзи чақирди».

МРБдаги манбалардан бири «The Mail on Sunday» нашрига «Операция мутлақо бекаму-кўст ўтгани»ни бидирди.
«Биз ўтган ёздан бери жойларда агентлар орқали маълумот тўплаб келаётгандик. Мадуро ва унинг атрофидагиларни ойлаб кузатиб келган махфий дронлар флоти бор эди. У қаерда эканини, қачон овқатланишини ва ҳатто ҳожатга қачон боришини ҳам аниқ билардик», деди у.
Мадуро ва унинг рафиқаси 3 январ, шанба куни кечқурун Ню Йоркка олиб кетилди. Улар «Metropolitan Detention Center» қамоқхонасида сақланади.

Венесуэла ҳокимияти рейд чоғида ҳарбийлар ёки фуқаролар орасида қурбонлар бўлган-бўлмагани ҳақида ҳали расмий маълумот бермади. Бироқ камида бир аёл ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда. (Кейинги хабарларга кўра 40 дан зиёд одам ҳалок бўлгани айтилморқда — таҳ.)
Доналд Трамп АҚШ Венесуэлада иккинчи тўлқин ҳужумига ҳам тайёр бўлганини билдирди. Шу билан бирга у: «Аслида иккинчи тўлқин керак бўлади, деб ўйлагандик, аммо ҳозирча бунга эҳтиёж қолмаганга ўхшайди», дея қўшимча ҳам қилди.





