«Ўз халқидан қўрадиган давлат» — Дуров Россияда ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳақида

25.02.2026 | 09:172 дақиқа

«Telegram» асосчиси Павел Дуров Россияда унга нисбатан жиноят иши очилишини сўз эркинлигини чеклаш уриниши, деб баҳолади.

«Ўз халқидан қўрадиган давлат» — Дуров Россияда ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳақида

«Telegram» мессенжери асосчиси Павел Дуров Россияда унга нисбатан «террорчилик фаолиятига кўмаклашиш» айби билан жиноят иши қўзғатилганини мамлакатда сўз эркинлигини чеклашга қаратилган ҳаракат сифатида баҳолади. Бу ҳақда у ўз телеграм-каналида баёнот берди.

«Россия менга нисбатан «терроризмга ёрдам бериш» бўйича жиноят иши қўзғатди. Ҳар куни ҳукумат россияликларнинг «Telegram»га киришини чеклаш учун янги баҳоналар ўйлаб топмоқда. Бу — шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва сўз эркинлигини бўғишга қаратилган уриниш. Ачинарли манзара — ўз халқидан қўрқадиган давлат», — деб ёзди Дуров.

 

Айблов ва даъволар

24 феврал куни «Российская газета» ва «Комсомольская правда» ФХХ материалларига таяниб, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари Дуров ҳаракатларини Жиноят кодексининг 205.1-моддаси бўйича текшираётганини хабар қилди. Нашрларда таъкидланишича, уруш шароитида мессенжер «НАТО мамлакатлари ва Киев режими махсус хизматлари учун асосий воситага айланган».

«Комсомольская правда» маълумотига кўра, «Telegram» «Роскомнадзор»нинг экстремизмга даъват ва ишончсиз ахборот тарқатаётган 154 мингдан ортиқ канал ва ботларни ўчириш талаби ижросини бажармаган.

 

Чекловлар ва баҳслар

РФ Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников аввалроқ Дуров билан музокаралар «яхши натижа бермагани» ва энди бундай музокара олиб борилмаётганини айтган. У бизнесменни «манфаатпарастлик»да айблаб, мессенжер орқали жиноятлар сони ортиб бораётганини билдирган.

10 февралдан Россияда «Telegram» фаолияти қисман чекланди. Давлат думаси депутати Андрей Свинцов ярим йил ичида мессенжер тўлиқ блокланиши мумкинлигини истисно қилмади. «Российская газета» маълумотига кўра, ҳозирча хизмат тезлиги 55 фоизга секинлаштирилган.

Шу билан бирга, ҳукумат давлат мессенжери «МАХ»ни фаол тарғиб қилмоқда. Айрим экспертлар, жумладан «Интернетни ҳимоя қилиш жамияти» директори Михаил Климарёв уни кузатув дастури сифатида баҳолаган. Дуров эса чекловлар бошланганидан сўнг Россияни Эрон билан қиёслаб, бу ҳаракатлар фуқароларни давлат назоратидаги иловага ўтказишга уриниш эканини таъкидлади.

Теглар

Мавзуга оид

«Ўз халқидан қўрадиган давлат» — Дуров Россияда ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳақида | Vaqt.uz