Озарбайжон банки «Давр банк»даги улушини 74 фоизга ошириши кутилмоқда
«Давр банк» Озарбайжоннинг ABB банки билан 51 фоиз улушини сотиш бўйича келишувга эришди. ABB «Давр банк»нинг назорат пакетини 100 млн долларга сотиб олмоқда ва улуш 74 фоизгача оширилиши мумкин.

2026 йил 8 июнь куни «Давр банк» акциядорлари ABB Озарбайжон халқаро банки билан «Давр банк» устав капиталидаги 51 фоиз акциялар пакетини сотиб олиш бўйича битимни маъқуллади.
Акциядорлар йиғилишида битимни амалга ошириш учун керак бўладиган корпоратив, ҳуқуқий, молиявий ва регулятор тартибларга рухсат берилди.
Томонлар ўртасидаги кейинги келишувларга мувофиқ, Озарбайжон банкига «Давр банк» устав капиталидаги қўшимча 23 фоизлик акциялар пакетини сотиб олиш имконини берувчи механизм кўриб чиқилиши тасдиқланди.
Натижада, ABB банкининг «Давр банк»даги улуши 51 фоиздан 74 фоизгача ошиши мумкин. Келишувга кўра, банкнинг 51 фоизи учун 100 млн доллар тўланмоқда.
Бундан ташқари, йиғилишда банкнинг 2025 йилдаги соф фойдаси 667,3 млрд сўмни ташкил этгани маълум қилинди. Бунда соф фойданинг 5 фоизи, яъни 33,3 млрд сўми банкнинг умумий захира фондига йўналтирилади. Фойданинг қолган қисми — 634 млрд сўм тақсимланмаган фойда сифатида қолдирилиши белгиланди.
«Давр банк» 2026 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб «ABB Давр банк» номи остида фаолият олиб бориши кутилмоқда. Бу ҳақда ABB Озарбайжон халқаро банки бошқарув раиси Аббос Иброҳимов айтиб ўтганди.
Банкнинг акциядорлари кимлар?
«Давр банк»ка хусусий акциядорлик тижорат банки сифатида 2001 йилда асос солинган. Ҳозирда банкнинг устав капитали Марказий банкнинг минимал талабларига жавоб берган ҳолда 500 млрд сўмни ташкил қилади.

iHamkor.uz маълумотларига кўра, банкнинг акциядорлари 8 нафар жисмоний шахсдан иборат. Асосий акциядорлар Лутфулла Убаев (42 фоиз) ва Махфуза Убаева (14,7 фоиз) ҳисобланади.





