Озарбойжонда ҳам болалар учун ижтимоий тармоқлар чекланиши мумкин

Парламентда болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини қонун билан тартибга солиш масаласини муҳокама қилиш таклиф этилди.

Озарбойжонда ҳам болалар учун ижтимоий тармоқлар чекланиши мумкин

Озарбойжон Миллий Мажлисида болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш масаласи яна кун тартибига чиқди. Депутат Хижран Ҳусейнова ушбу йўналишда алоҳида парламент эшитувларини ўтказиш ташаббусини илгари сурди ва масалани тизимли муҳокама қилиш зарурлигини таъкидлади.

«Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси

Ташаббус Миллий Мажлиснинг оила, аёллар ва болалар масалалари қўмитаси йиғилишида кўтарилди. Йиғилиш давомида «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, унда болаларнинг рақамли муҳитда ҳимояси масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Депутатнинг фикрича, амалда болаларнинг ижтимоий тармоқларга эркин кириши ҳуқуқий жиҳатдан аниқ тартибга солинмаган.

Ҳусейнова бир қатор давлатларда болалар ва ўсмирлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш бўйича ёш чекловлари, шунингдек, рухсат этилган медиа-контентга оид аниқ қоидалар мавжудлигини қайд этди. Унинг таъкидлашича, бундай механизмлар болаларнинг руҳий ва ахборот хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Шу муносабат билан депутат тегишли давлат идоралари, экспертлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида махсус парламент эшитувларини ўтказишни таклиф қилди. Бу жараёнда халқаро тажриба ўрганилиб, миллий қонунчиликка мос ечимлар ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Ушбу ташаббус илгари сурилган мамлакатлар

Сўнгги йилларда ушбу масала глобал даражада ҳам долзарблашди. Дастлаб Франция ҳукумати болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 15 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни режалаштирган.

Австралияда эса16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланган ва австралиялик болалар ҳаётида кутилмаган ўзгаришлар кузатилган.

Шунингдек, Буюк Британия ҳукумати ҳам болаларни интернетда яхшироқ ҳимоя қилиш мақсадида ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш бўйича янги чора-тадбирларни кўриб чиқмоқда.

Қозоғистон Республикаси ҳукумати вояга етмаганларнинг интернетдан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ижтимоий тармоқларга киришни чеклаш бўйича янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Мамлакат бош вазири ўринбосари — маданият ва ахборот вазири Аида Балаеванинг маълум қилишича, янги тартибга кўра, 16 ёшга тўлмаган болаларнинг онлайн платформаларда рўйхатдан ўтиши тақиқланиши кўзда тутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид