
Озарбойжонда кўп қаватли уйлар газ таъминотидан узилиши мумкин
2035 йилгача Озарбойжон кўп қаватли уйлардаги газ ускуналарини босқичма-босқич чиқариб, ўрнига қайта тикланувчи энергияда ишлайдиган тизимларни ўрнатишни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда БМТнинг иқлим ўзгаришига оид рамкавий конвенцияси доирасида тайёрланган «Миллий ҳисса» (NDC 3.0) ҳисоботида қайд этилган. Ҳужжатга кўра, кўп қаватли уйларда иситиш учун «ҳаво–сув» туридаги иссиқлик насослари ва овқат тайёрлаш учун электр плиталар қўлланилади.
Иқтисодчи Илҳом Шабаннинг таъкидлашича, бундай ислоҳот учун электр тармоқлари катта юкламаларга тайёрми, деган савол туғилади. Унинг айтишича, ҳозирча Боку трансформатор ва тармоқларининг максимал хавфсиз юкламаси ҳақида расмий маълумотлар йўқ, деб ёзмоқда Haqqin.az.
«Сўнгги йилларда пойтахтда электр юкламаси ортиб кетгани туфайли уй ва хонадонларда кўплаб ёнғинлар содир бўлмоқда. Агар ҳукумат тўлиқ электр иситиш тизимига ўтишни режалаштираётган бўлса, маҳаллий тармоқларни модернизация қилиш учун миллиардлаб сармоя керак бўлади», — деди иқтисодчи.
У мисол сифатида шундай деди: 120 м.кв майдонли квартирада қишда газга 40–45 манат (280–315 минг сўм) сарфланса, шундай майдонни электр билан иситиш 250–300 манат (1,75–2,1 млн сўм) га тушади.
Шабаннинг фикрича, электр иситиш тизими кўп қаватли ва якка тартибда янги қурилаётган уйларда мажбурий тарзда ўрнатилиши керак. Бино тўлиқ иссиқлик изоляцияси билан жиҳозланса, иссиқлик йўқотишлари камаяди.
Унинг сўзларига кўра, Боку атрофидаги хусусий уйларда яшовчи аҳоли қиш фаслида ҳар ой 200–250 манатлик газ сарфлайди. Аммо 2000–2500 манат (17,5–21 млн сўм)лик иссиқлик изоляцияси сарфлари бу харажатларни икки баробарга қисқартириши мумкин.
«Идеал иссиқлик изоляцияси тахминан 5000 манат (35 млн сўм) га тушади, аммо газ харажатлари уч баробар камаяди. Шу орқали бўшаган газ экспортга йўналтирилиши мумкин. Ҳар 1 млрд куб метр газ мамлакатга камида 300 млн доллар фойда келтиради», — деди у.
Шабан таъкидлашича, аҳоли ҳар йили тахминан 4 млрд куб метр газ истеъмол қилади, «Azerenergy» эса иссиқлик электр станцияларида яна 4,5 млрд куб метр газ ёқади.
Унингча, газ ва электр энергиясидан оқилона фойдаланишга ижодий ёндашув катта иқтисодий самара беради. Агар «олтин ўрталиқ» топилса, Озарбойжон газ экспортидан тушадиган қўшимча даромад ҳисобига уй-жойларни изоляция қилиш ва бошқа инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам янги қурилаётган кўпқаватли уйлар табиий газ тармоғига уланмасдан, марказлашган иссиқлик таъминоти билан таъминлаш тартиби жорий этилган.





