
«Ўзавиация» агентлигини сақлаш учун давлат бюджетидан ажратмалар бекор қилинади
2030 йилгача фуқаро авиацияси соҳаси ривожлантириш бўйича президентнинг тегишли фармони қабул қилинди.

27 октябр куни «Фуқаро авиацияси соҳасида давлат сиёсати юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–193-сонли Президент Фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Телеграм каналида маълум қилинди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб «Ўзавиация» агентлигини сақлаш учун давлат бюджетидан ажратмалар бекор қилинади. Шу жумладан, 2025 йил якуни ва келгуси йиллар учун «Ўзаэронавигация» маркази ДУК соф фойдасидан Фуқаро авиацияси агентлигини ривожлантириш жамғармасига йўналтириладиган 20 фоиз ажратма бекор қилинади.
Шунингдек, фармонга мувофиқ 2030 йилгача фуқаро авиацияси соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- ҳаво транспортида хизмат кўрсатилган йўловчилар сонини 24 миллион нафарга етказиш;
- халқаро ва маҳаллий йўналишдаги парвозлар сонини 200 мингтага етказиш;
- Ўзбекистон Республикаси резидент авиакомпаниялари ҳаво кемалари паркини 180 тага етказиш.





