add

Ўзбекистон 2026 йилда Хитойдан 50 дан ортиқ агродрон олиб келади

Қишлоқ хўжалигида дронлар учун учиш оғирлиги 250 килогача оширилиб, ҳар бир вилоятда дрон мобил комплекслари орқали агрохизматлар кўрсатиш тизими йўлга қўйилади.

Ўзбекистон 2026 йилда Хитойдан 50 дан ортиқ агродрон олиб келади

Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари билан бўлиб ўтган мулоқотда 2026 йилда мамлакатга Хитойдан яна 50 дан ортиқ замонавий агродрон олиб келинишини маълум қилди. Бу 2025 йил кузида етказилган 100 дан зиёд дронлар партиясидан кейинги навбатдаги катта етказиб бериш бўлади.

Янги дронлар аграр хизматлар самарадорлигини ошириш, суғориш, ўғитлаш ва ўсимликларни муҳофаза қилиш жараёнларини автоматлаштиришга хизмат қилади. Шунга мувофиқ, агродронлар учун рухсат этилган учиш оғирлиги амалдаги 100 килодан 250 килогача оширилади. Бу эса кенг қамровли агротехник ишлар учун кучли ва юқори сиғимли дронлардан фойдаланиш имконини яратади.

Ҳар бир вилоятда камида иккитадан дрон мобил комплекси ташкил этилди ва улар орқали фермер ҳамда кластерларга агрохизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошида дрон хизматларини кўрсатувчи махсус марказ фаолият бошлаган бўлиб, у мутахассислар тайёрлаш ва дронларга техник сервис кўрсатиш билан шуғулланади.

2025 йилнинг ўзида 100 дан ортиқ дрон ёрдамида ер майдонлари мониторинги, ҳосилдорликни оширишга қаратилган агротехник тадбирлар ва рақамли кузатув ишлари амалга оширилган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланиб, кам харажат билан юқори ҳосилга эришувчи фермерлар сони ортмоқда.

Маълумот ўрнида, 2025 йил бошида Малайзиянинг «Meraque» компанияси Тошкент вилояти Янгийўл туманида агротехнологиялар ва дрон ишлаб чиқариш лойиҳасига 4,5 миллион доллар сармоя киритишни режалаштираётганди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон 2026 йилда Хитойдан 50 дан ортиқ агродрон олиб келади | Vaqt.uz