Logo

Ўзбекистон афғон маҳсулотларини Марказий Осиё ва Россия бозорларига чиқаришда кўмаклашади

Бугун 20:321 дақиқа

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов Афғонистон элчиси Абдул Ғаффор Теравий билан учрашиб, савдо тўсиқларини бартараф этиш ва транзит масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати маълум қилди.

Ўзбекистон афғон маҳсулотларини Марказий Осиё ва Россия бозорларига чиқаришда кўмаклашади © Foto: Savdo-sanoat palatasi

Қайд этилишича, мулоқот давомида ҳамкорликни янги йўналишларда ривожлантириш, тадбиркорлар учун мавжуд имкониятларни кенгайтириш ҳамда ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш чоралари кўриб чиқилди. Хусусан, Афғонистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига импорт қилиш жараёнларини енгиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, афғон маҳсулотларини Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия бозорларига экспорт қилишда кўмаклашиш масаласи муҳокама қилинган.

Учрашувда 30 ноябрь – 5 декабрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган «Янги Ўзбекистон — глобал савдо чорраҳаси» халқаро бизнес-форумига тайёргарлик масалаларига ҳам тўхталинди.

Тадбирда иштирок этиш учун Афғонистон элчиси, шунингдек, Кобул, Ҳирот, Балх ва Бомиён вилоятлари ҳокимлари таклиф этилди. Маълум қилинишича, форумда Афғонистондан 300 нафардан ортиқ тадбиркор қатнашиши кутилмоқда.

Палата маълумотларига кўра, сўнгги йилларда икки мамлакат тадбиркорларининг ўзаро ташрифлари ва бизнес-миссиялари фаоллашгани савдо кўрсаткичларида ҳам акс этмоқда.

Хусусан, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,38 миллиард долларга етди.

Бунда Афғонистонга экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 фоизга ошиб, 1,19 миллиард долларни, Афғонистондан импорт эса 47 фоизга ўсиб, 192,7 миллион долларни ташкил этди.

Теглар

Мавзуга оид