Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборди

Рамазон ҳайити муносабати билан юборилган юкнинг умумий оғирлиги 290 тоннадан ортиқни ташкил этади.

Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборди

2026-йил 18-март куни Ўзбекистон Республикаси номидан биродар Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами етказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур эзгу ташаббус Рамазон ҳайити муносабати билан афғон халқини қўллаб-қувватлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги яқин қўшничилик ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилди.

Умумий оғирлиги 290 тоннадан зиёд бўлган инсонпарварлик юки – ун, гуруч, буғдой, ўсимлик ёғи, тез тайёрланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари, макарон, қандолат ва бошқа турдаги маҳсулотлардан иборат.

1

Инсонпарварлик юкини расман топшириш маросими Ҳайратон шаҳрида бўлиб ўтди. Маросимда сўзга чиққан Балх вилояти губернатори ўринбосари Мавлавий Абу Идрис, ташқи ишлар вазирлигининг Балх вилояти бўлинмаси раҳбарияти, шунингдек, Ҳайратон шаҳар ҳокимлиги вакиллари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга афғон халқига доимий кўрсатиб келинаётган эътибор, ғамхўрлик, амалий қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик учун самимий миннатдорлик билдирди.

2

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.

Бу биринчи марта эмас

Ўтган йил ҳам 5 марта раҳбарияти номидан Афғонистон халқига навбатдаги гуманитар ёрдам топширилганди. Шулардан охиргиси 29 декабр куни Балх вилоятида жойлашган Ҳайратон шаҳрида бўлиб ўтган ва унда икки томон расмийлари иштирок этган.

Ўшанда умумий оғирлиги қарийб 390 тоннани ташкил этган гуманитар юк «Termez Cargo Centre» майдончасида шакллантирилган. Юк таркиби аҳолининг энг зарур эҳтиёжларини қондиришга қаратилган озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ҳамда тиббий ускуналардан иборат бўлган.

Эронга ҳам ёрдам жўнатилганди

Ўзбекистон ҳукумати жорий йил 16 март куни Эрон аҳолиси учун ҳам инсонпарварлик ёрдамини юборганди. Ёрдам юки таркибига асосий озиқ-овқат маҳсулотлари — ун, гуруч, шакар, макарон маҳсулотлари, кунгабоқар ёғи ва турли консервалар киритилган. Шунингдек, инсонпарварлик юкида дори-дармонлар ҳамда тиббий буюмлар ҳам мавжуд.

3

Юк Эрон ҳудудига етказиб берилган ва уни қабул қилиш маросимида маҳаллий вакиллар иштирок этган. Хусусан, Дарегаз шаҳри ҳокими Мўжтабо Базмара, Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг Хуросон Разавий вилоятидаги идораси раҳбари — вазир маслаҳатчиси Али Масумифар ҳамда Эроннинг Туркманистондаги элчиси Али Мўжтабо Рузбехани қатнашган.

Теглар

Мавзуга оид