Logo

Ўзбекистон апрелда олтин сотди, аммо йиллик ҳисобда соф харидор бўлиб қолмоқда

Бугун 08:001 дақиқа

Жаҳон Олтин кенгаши маълумотларига кўра, 2026 йил апрел ойида дунё Марказий банклари 17 тонна олтин сотиб олди, асосий харидорлар — Полша ва Хитой.

Ўзбекистон апрелда олтин сотди, аммо йиллик ҳисобда соф харидор бўлиб қолмоқда

2026 йил апрел ойида дунё марказий банклари жами 17 тонна олтин харид қилди. Бу ҳақда Жаҳон Олтин кенгаши (WGC) ҳисоботида маълум қилинди.

Ҳисоботга кўра, энг йирик харидор Полша Марказий банки бўлиб, мамлакат 14 тонна олтин сотиб олди. Натижада, Полшанинг йил бошидан буён харид қилган олтин ҳажми 45 тоннага етди. Мамлакатнинг олтин захиралари эса 595 тоннани ёки жами захираларнинг қарийб 30 фоизини ташкил қилмоқда.

Шу билан бирга, Хитой харид суръатини тезлаштириб, 8 тонна олтин харид қилган. Бу 2024 йил декабридан бери кузатилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Хитой кетма-кет 18 ойдан буён мунтазам равишда олтин харид қилиб келмоқда.

Чехия Миллий банки ҳам апрел ойида 2 тонна олтин билан ўз захираларини кенгайтирган.

Ўзбекистон соф харидорлар сафида қолмоқда

Ўзбекистон Марказий банки апрелда 1 тонна олтин сотган бўлса-да, йиллик ҳисобда соф харидор мақомини сақлаб қолмоқда — жами 24 тонна. Бу кўрсаткич бўйича фақат Полшадан кейинги иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Ҳозирда Ўзбекистоннинг олтин захиралари тахминан 414 тоннани ташкил этиб, бу мамлакат умумий халқаро захираларининг қарийб 88 фоизига тенг.

Сўнгги уч йилда Шарқий Европа ва Осиё марказий банклари барқарор харид динамикасини намойиш этмоқда. Улар ҳар ой ўртача 12 ва 11 тонна олтин сотиб олиб, резерв сиёсатини мустаҳкамлаб бормоқда.

Теглар

Мавзуга оид