Ўзбекистон–АҚШ савдоси бир йилда 25 фоизга ошди
АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор икки давлат орасидаги товар айланмаси кейинги йилларда ҳам ўсишига ишонмоқда.
© Saida Mirziyoyevaning ijtimoiy tarmoqdagi sahifasiСўнгги бир йил ичида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 25 фоизга ошди. Бу ҳақда АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор «Миссия» дастурига берган интервюсида сўз очди.
«Имкониятларимиз жуда катта. Президентларимиз томонидан олиб борилаётган етакчилик ҳақиқатан ҳам юксак даражада. Улар кенгаш фаолиятига жуда фаол қизиқиш билдирмоқда. Шунинг учун ҳам бу устувор йўналиш. Улкан имкониятлар очилмоқда. Бу худди чап ва ўнг қўлнинг уйғун ишлашига ўхшайди. Саида Мирзиёеванинг ҳам ҳиссаси катта. Ҳамма ҳаракатлар сезиларли натижалар бермоқда. Фақат сўнгги бир йил ичида Ўзбекистон билан товар айланмамиз 25 фоизга ошди. Биз бу ўсишни келгуси йилда ва кейин ҳам давом эттиришга умид қиламиз. Ишонамизки, янада кўпроқ Америка компаниялари Ўзбекистон бозорига ва унинг ташқарисидаги имкониятларига қизиқиш билдиради», – деди Гор.
2026-йилнинг январ ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 1,7 млрд долларни ташкил этган бўлса, шунинг 32,1 млн доллари АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Йиллар кесимида қаралса, икки давлат орасидаги савдо айланмаси 2023-йилда 765,1 млн доллар, 2024-йилда 1 млрд 24,9 млн доллар, 2025-йилда эса 1 млрд 203,7 млн долларни ташкил этган. 2025-йилда 712,3 млн долларлик товар ва хизматлар АҚШдан импорт қилинган.
Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши
6-апрел куни Вашингтонда Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини расман ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Унда кенгаш ҳамраислари – Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамда АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор иштирок этди.
«Ушбу тузилма Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги бизнес алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган самарали майдонга айланиши шубҳасиз. Бунга мамлакатларимиз президентларининг қатъий сиёсий иродаси мустаҳкам замин яратмоқда», – деб ёзди Саида Мирзиёева ўзининг «Telegram»-каналида.
Сержио Гор «Х» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ушбу кенгашнинг ишга туширилиши «тижорат дипломатияси туфайли сўнгги бир неча ой ичида шерикликда эришилган ақл бовар қилмас ютуқларнинг юқори нуқтаси» эканини таъкидлади.
Кенгашни ташкил этиш бўйича келишувга Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йилнинг 4−6 ноябр кунлари АҚШга амалга оширган ташрифи доирасида эришилган эди. Кенгаш тузилишининг мақсадлари сифатида Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги «ўзаро манфаатли савдо-инвестиция ва тижорат алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш», шунингдек, «ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бу йўналишда самарали ишларни ташкил этиш» кўрсатилган.





