add

Ўзбекистон АҚШда янги консулхоналар очади

Ўзбекистон АҚШда ватандошлар диаспоралари тўпланган ҳудудларда (Филаделфия, Чикаго, Орландо ва Сиэтл) янги консулхоналар очишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон АҚШда янги консулхоналар очади

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган «Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонга мувофиқ, мамлакат АҚШ ҳудудида янги консулхоналар очишни режалаштирмоқда.

Янги дипломатик ваколатхоналарнинг асосий вазифаси фуқаролар билан мулоқотни яхшилаш, савдо ва инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдан иборат бўлади.

Фармонда белгиланишича, Ташқи ишлар вазирлиги бир ой муддатда янги консулхоналарни очиш масаласини ишлаб чиқиши лозим. Улар географик қамровни кенгайтириш ва ўзбек диаспораси кўп тўпланган ҳудудларда фаолият юритиши керак. Хусусан, Филладелфия, Чикаго, Орландо ва Сиэтл шаҳарларида янги консулхоналар ташкил этиш кўзда тутилган.

Ҳужжатда «АҚШнинг барча штатларида яшаб келаётган ўзбек диаспоралари билан самарали ҳамкорлик моделини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш» янги консулхоналарнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланди.

Улар шунингдек, Америка–Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестиция кенгаши лойиҳаларини амалга оширишга ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Бундан ташқари, Вашингтонда жойлашган элчихона фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 2026 йил 1 январдан Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили — маслаҳатчи-вакил лавозими жорий этилади. У икки давлат ўртасидаги стратегик инвестиция ва савдо лойиҳаларини мувофиқлаштириш ҳамда Кенгаш ишини ташкил этиш учун масъул бўлади.

Маслаҳатчи-вакилни Президент Администрацияси раҳбари, Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ҳамраиси Саида Мирзиёева тайинлайди. Ушбу лавозим орқали ташқи сиёсий ва давлат ташаббусларини мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг элчихонаси Вашингтонда, бош консуллиги эса Ню Йорк шаҳрида фаолият юритмоқда. Янги консулхоналар фаолияти АҚШдаги ватандошлар учун консуллик хизматларини янада қулай қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси президенти имзолаган «Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини ташкил этиш тўғрисида»ги фармон ҳақида маълумот берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон АҚШда янги консулхоналар очади | Vaqt.uz