Ўзбекистон банклари 3 ойда қанча даромад қилди?

Кеча 17:274 дақиқа

2026-йилнинг дастлабки 3 ойи бўйича яна 5 та банк ўз молиявий ҳисоботларини тақдим этди.

Ўзбекистон банклари 3 ойда қанча даромад қилди?

2026-йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Ўзбекистон банк секторининг етакчи иштирокчилари — «Octobank», «Tengebank», «Kapitalbank», «Milliybank» ва «Hayotbank» ўз молиявий ҳисоботларини эълон қилди.

Тақдим этилган натижалар банк секторида даромадлар ўсиши, активлар ҳажмининг кенгайиши ва бозордаги рақобат тобора кучайиб бораётганини кўрсатмоқда.

«Octobank» 108,6 млрд сўм соф фойда олди

Шу йилнинг ҳисобот даврида «Octobank»нинг соф фойдаси 108,6 млрд сўмни ташкил этган.

Банк активлари 15,52 трлн сўмга етган бўлиб, давр бошига нисбатан сезиларли ўсиш қайд этилган. Активлар таркибида энг катта улушни инвестициялар ташкил қилди. Уларнинг ҳажми 6,71 трлн сўмга тенг бўлиб, жами активларда юқори улушни эгаллаган.

Даромадлар қисмида фоизли тушумлар 238,3 млрд сўмни ташкил этган бўлса, фоизсиз даромадлар 1,2 трлн сўмга етган. Бу банк даромадларида диверсификация юқори эканини кўрсатади.

Харажатлар қисмида фоизли харажатлар 176,9 млрд сўмни, фоизсиз харажатлар эса 1,04 трлн сўмни ташкил этган. Операцион харажатлар 111,6 млрд сўм бўлиб, шундан 73,8 млрд сўм ходимлар меҳнатига тўғри келган.

Ҳисобот даврида банкнинг давлат бюджетига тўланадиган даромад солиғи 110 миллион сўмни ташкил этган.

«Tengebank» фойдаси I чоракда 34,0 млрд сўмга етди

2026-йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, «Tengebank»нинг соф фойдаси кескин ўсиб, қарийб 34,0 млрд сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридаги 920,9 млн сўм билан таққослаганда бир неча баробарга ошганини кўрсатади.

Таққослаш учун, банк 2025-йилни 54,9 млрд сўм фойда билан якунлаган бўлса, 2024-йилда бу рақам 36,2 млрд сўмни ташкил этган.

Ҳисобот даврида фоизли даромадлар деярли ўзгаришсиз қолган. Бироқ кредит ва лизинг операциялари бўйича эҳтимолий йўқотишлар учун захиралар ошгани натижасида соф фоиз натижаси манфий бўлиб, -5,3 млрд сўмни ташкил этди.

Шу билан бирга, комиссион даромадлар кескин ўсди — 12,8 млрд сўмдан 57,0 млрд сўмгача. Айнан шу омил бангга чоракни юқори фойда билан якунлаш имконини берган.

Март ойи бошига келиб кредит портфели 4,5 трлн сўмга етди, бу ўтган йилга нисбатан 8,4 фоизлик ўсишни англатади. Шу билан бирга, муаммоли кредитлар улуши ҳам 2,3 фоиздан 3,4 фоизгача ошган.

«Milliybank» 603,2 млрд сўм соф фойда олди

2026-йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, «Milliybank» 603,2 млрд сўм соф фойда қайд этди. Аниқ рақамларда бу кўрсаткич 603 млрд 155 млн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,9 фоизга юқори бўлди. Эслатиб ўтиш жоиз, 2025-йил биринчи чорагида банк 467,9 млрд сўм фойда олган эди.

Ҳисобот даврида банкнинг жами фоизли даромадлари 4,7 трлн сўмга етди, бу эса ўтган йилга нисбатан 15 фоизлик ўсишни англатади. Шу билан бирга, фоизли харажатлар 2,5 трлн сўмни ташкил этган.

Банкнинг операцион харажатлари ҳам ўсишни кўрсатган. Жумладан, ходимлар иш ҳақи ва бошқа харажатларга 372,2 млрд сўм сарфланган бўлса, жами операцион харажатлар 673,1 млрд сўмга етган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоизга кўп.

Шунингдек, ҳисобот даврида давлат бюджетига тўланган даромад солиғи 22,5 млрд сўмни ташкил этган.

«Kapitalbank» 324,8 млрд сўм соф фойда олди

Шу йилнинг ҳисобот даврида «Kapitalbank»нинг соф фойдаси 324,8 млрд сўмни ташкил этган. Банк активлари 58,23 трлн сўмга етган бўлиб, давр бошига нисбатан ўсиш қайд этилган.

Активлар таркибида энг катта улушни кредит ва лизинг операциялари ташкил қилди. Уларнинг ҳажми 36,6 трлн сўмга тенг бўлиб, жами активларда асосий драйвер бўлиб қолмоқда.

Даромадлар қисмида фоизли тушумлар 1,85 трлн сўмни ташкил этган бўлса, фоизсиз даромадлар 1,64 трлн сўмга етган.

Харажатлар қисмида фоизли харажатлар 1,07 трлн сўмни, фоизсиз харажатлар эса 648,6 млрд сўмни ташкил этган. Операцион харажатлар 715,7 млрд сўм бўлиб, шундан 269,8 млрд сўм ходимлар меҳнатига тўғри келган.

Ҳисобот даврида банк давлат бюджетига 49,1 млрд сўм солиқ тўлаган.

«Hayotbank» 14,6 млрд сўм соф фойда олди

Шу йилнинг ҳисобот даврида «Hayotbank»нинг соф фойдаси 14,6 млрд сўмни ташкил этган.

Банк активлари 7,43 трлн сўмга етган бўлиб, давр бошига нисбатан ўсиш қайд этилган. Активлар таркибида энг катта улушни кредит ва лизинг операциялари ташкил қилди. Уларнинг ҳажми 5,63 трлн сўмга тенг бўлиб, жами активларнинг асосий қисмини эгаллаган.

Даромадлар қисмида фоизли тушумлар 332,5 млрд сўмни ташкил этган бўлса, фоизсиз даромадлар 87,2 млрд сўмга тенг бўлган.

Харажатлар қисмида фоизли харажатлар 253,5 млрд сўмни, фоизсиз харажатлар эса 22,2 млрд сўмни ташкил этган. Операцион харажатлар 66,8 млрд сўм бўлиб, шундан 41,6 млрд сўм ходимлар меҳнатига тўғри келган.

Ҳисобот даврида банк давлат бюджетига 3 мрлд сўм солиқ тўлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «SQB», «KDB bank», «Universalbank», «Turonbank» ва «Openbank»нинг фойда ва асосий кўрсаткичлари ҳақида маълумот берган эдик.

Теглар

Рухсора Жовлиева

Рухсора ЖовлиеваМақолалар сони: 857

Барчаси

Мавзуга оид