Logo

Ўзбекистон биринчи АЭС қурилишида Беларус тажрибасини ўрганади

Президент Шавкат Мирзиёев 20-июл куни Беларус делегациясини қабул қилди. Учрашувда биринчи атом электр станцияси қурилишида ҳамкорлик ва савдо алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон биринчи АЭС қурилишида Беларус тажрибасини ўрганади © prezident.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20-июл куни Беларус Республикаси Бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида Виктор Каранкевич давлат раҳбарига Беларус Президенти Александр Лукашенконинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Музокараларда Ўзбекистон билан Беларус ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, Президентнинг жорий йил 8–9 июль кунлари Минск шаҳрига амалга оширган расмий ташрифи, айниқса савдо-иқтисодий соҳада муҳим натижалар бергани мамнуният билан қайд этилди.

Савдо ва энергетика

Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш ҳамда иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар режасини ўз вақтида амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашувда Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси ва унга боғлиқ инфратузилмани барпо этишда Беларуснинг амалий тажрибасидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, энергетика, саноат ва юқори технологияли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Кадрлар тайёрланади

Музокаралар давомида бўлажак атом электр станциясини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш жараёнларини экспертлик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари, соҳа учун миллий кадрларни тайёрлаш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда икки мамлакатнинг тегишли олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш режалари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, июн ойида Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Ўзбекистонда интеграциялашган атом электр станциясининг биринчи энергия блокини қуриш ишларига старт берганди.

Теглар

Мавзуга оид