Ўзбекистон четдан бензин олиб келишни кескин кўпайтирди. Бу нархларни ўсишдан тўхтатмаяпти
Мамлакат йил бошидан бери 710 млн литр бензин импорт қилиб, бунинг учун 426 млн доллар сарфлади. Импорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 53,8 фоизга, унинг қиймати эса 60,8 фоизга ошган. Шу пайтда бензин нархлари ҳам кетма-кет икки ой сезиларли қимматлади.

Ўзбекистон 2026 йилнинг январь-июль ойларида 946,7 млн долларлик нефть ва нефть маҳсулотларини импорт қилди. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, бу 2025 йилнинг шу давридагидан 153,1 млн долларга ёки 19,3 фоиз кўп.
Жами харажатнинг қарийб 45 фоизи бензин ҳиссасига тўғри келган. Бир йил олдин бу улуш 33,4 фоиз эди. Демак, нефть маҳсулотлари импорти нафақат ошган, балки унинг таркиби ҳам бензин томон кескин силжиган.

Бензин импортига сарфланган маблағнинг ўзи 161,2 млн долларга кўпайган. Бу барча нефть маҳсулотлари бўйича жами ўсишдан ҳам 8 млн доллар кўп. Фарқ мазут импорти 89,1 млн доллар, керосин импорти эса 26,3 млн доллар қисқаргани ҳисобига қопланган.
Суюлтирилган пропан импорти ҳам кескин ошган: унинг ҳажми 71,4 минг тоннадан 183,4 минг тоннага, қиймати 29,3 млн доллардан 105,4 млн долларгача кўпайган. Демак, ташқи таъминотга қўшимча талаб фақат бензинда кузатилмаяпти.
Импорт қилинган бензиннинг ўртача божхона қиймати бир литр учун 57,4 центдан 60 центга кўтарилган — ўсиш 4,6 фоиз. Яъни импорт ҳажми ва унга сарфланган умумий маблағ кескин ошган бўлса-да, битта литрнинг ўртача божхона қийматидаги ўсиш нисбатан мўътадил бўлган.
Ички ишлаб чиқариш ошган, лекин импорт ундан тезроқ ўсмоқда
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, йирик корхоналар 2026 йилнинг биринчи ярмида 614,2 минг тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарган. Бу бир йил олдингидан 6 фоиз кўп.
Аммо шу даврда хом нефть қазиб олиш 3,1 фоизга, газ конденсати ишлаб чиқариш эса 19,7 фоизга камайган. Демак, қайта ишлаш қувватининг ўзи етарли бўлиши хомашё ва тайёр маҳсулот таъминоти барқарорлигини кафолатламайди.
6 ойлик ишлаб чиқариш 6 фоиз ошган бир пайтда 7 ойлик бензин импорти 53,8 фоизга кўпайган. Бу импортнинг ички таъминотдаги роли катталашаётганини кўрсатади.
Бозор таркиби ҳам ўзгарди. «Ўзбекнефтгаз» 2025 йил 2 сентябрдан АИ-80 бензинини биржа орқали сотишни тўхтатганди, АИ-92 нинг кунлик савдо ҳажмини эса 1 минг тоннадан 1,72 минг тоннага оширди. Паст октанли бензиндан воз кечиш АИ-92 таъминоти ва нархини бозор учун янада муҳим кўрсаткичга айлантирди.
Россия орқали бензин келиши қисқарди
Ўзбекистон бензин импортида Россия муҳим ўрин тутади. «Коммерсант» маълумотларига таянган хабарга кўра, 2025 йилда Россиядан Ўзбекистонга темирйўл орқали 510 минг тонна бензин юборилган. Ўзбекистон Россия бензинининг энг йирик харидорларидан бири бўлган.
2026 йилда эса Россиянинг ўзида вазият кескинлашди. Нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлар ва режадан ташқари тўхташлар ички бозорда тақчилликни кучайтирди. Reuters ҳисобига кўра, июнда Россиядан Марказий Осиё ва Афғонистонга темирйўл орқали бензин етказиб бериш бир ойда 34 фоизга — 99,3 минг тоннагача қисқарган.
Россия ҳукумати 30 июлда бензин экспортига янги вақтинчалик тақиқ жорий қилди. Қарор 2026 йил 1 августдан 2027 йил 31 январгача амал қилади.
Аммо ҳукуматлараро битимлар доирасидаги етказиб бериш тақиқдан мустасно. Россия ва Ўзбекистон ўртасида нефть маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳукуматлараро битим 2023 йилда имзоланган.
28 июнь куни Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак компаниялар бундай битимлар доирасида хорижга бензин жўнатишда давом этаётганини, ҳажмлар эса Россия ички бозорига зарар етказмаслик учун алоҳида келишилишини айтган.
Нархлар божхона қийматидан тезроқ ошди
Ички бозордаги қимматлашиш импорт статистикасидан кескинроқ. Миллий статистика қўмитаси июлда бензин нархлари ўртача 4,8 фоизга ошганини қайд этди. АИ-92 бир ойда 3,9 фоизга, АИ-95 — 8,5 фоизга, АИ-98 ва АИ-100 эса 10 фоизга қимматлаган. Ҳисоб-китоб 886 та савдо объектидаги 26 мингдан ортиқ нарх котировкасига асосланган.

Бир ой олдин ҳам бензин ўртача 3,9 фоизга қимматлаганди. Биржада эса АИ-92 нинг бир тоннаси 1 июлда рекорд даражадаги 13,96 млн сўмга чиқди. Бу ой бошидагидан 12 фоиз юқори. Қимматлашиш ойнинг иккинчи ярмида биржага чиқарилган бензин миқдори камайиши билан бир пайтда юз берди.
Табиийки, нархлар ошиши маҳаллий бозордаги бензин қуйиш шохобчаларида ҳам яққол сезилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўра, АИ-92 нархи 16 000 сўм, АИ-95 нархи эса 18 000 сўмгача қимматлаган.
Ваҳоланки, май ойида АИ-92 маркадаги бензин нархи 12 000 сўм атрофида эди.
Захира бор, лекин унинг таркиби очиқланмаган
Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мамадаминов 7 июль куни мамлакатда ички эҳтиёжни икки-уч ой қоплайдиган нефть маҳсулотлари захираси шакллантирилганини маълум қилган.
Унинг айтишича, мамлакатда ойига 100 минг тоннадан ортиқ бензин ишлаб чиқарилади, хусусий компаниялар эса йилига яна 600–700 минг тонна импорт қилади.
Аммо захиранинг аниқ ҳажми, унинг қанчаси АИ-92 ва АИ-95 экани, қайси компанияларга тегишли экани ҳамда бозордаги узилиш пайтида қандай чиқарилиши очиқланмади. Икки-уч ойлик захира ҳақидаги баёнотни текшириш учун айнан шу маълумотлар зарур.
Ҳозирги рақамлар бир қарашда парадоксни кўрсатади: Ўзбекистон аввалгидан анча кўп бензин импорт қилмоқда, аммо нархлар ҳам тезроқ ошмоқда.
Бунинг бир қисми талаб ва ёқилғи турлари таркибининг ўзгариши билан, бир қисми эса асосий етказиб берувчи бозордаги тақчиллик билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Теглар






