add

Ўзбекистон финтехга 1 млрд доллар инвестиция жалб қилади

29.11.2025 | 07:582432 дақиқа

Президент Мирзиёев белгилган стратегия доирасида финтехни иқтисодиётнинг янги драйверига айлантириш, 2030 йилга қадар 1 млрд доллар хорижий сармоя жалб этиш режасини тасдиқлади.

Ўзбекистон финтехга 1 млрд доллар инвестиция жалб қилади

Президент Шавкат Мирзиёев қабул қилган «Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга мувофиқ, 2030 йилгача финтех стартаплар ва компаниялар учун 1 млрд доллар миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестиция жалб этилади.

Ҳужжатга кўра, мамлакатда рақамли молия муҳитини шакллантиришнинг асосий марказига айланадиган иккита муҳим тузилма яратилади.

Биринчиси — устав капитали 50 млн доллар бўлган венчур фонд бўлиб, у финтех стартапларга дастлабки сармоя, ривожланиш ва масштабланиш босқичларида молиявий кўмак беради.

Иккинчиси — Ўзбекистон Марказий банки ҳузурида ташкил этиладиган инновацион марказ бўлиб, у тажриба майдончалари, регулятор «қумдон» ва технологик инфратузилмани ўз ичига олади.

Режага асосан, мамлакатдаги финтех компаниялари сони 200 тага етказилади. Соҳани кадрлар билан таъминлаш мақсадида 2026 йилдан марказ иштирокчилари учун ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бир лойиҳа учун 20 минг долларгача компенсация қилинади. Шунингдек, Марказий банк ҳар йили халқаро даражадаги молиявий технологиялар форумларини ўтказиб боради.

Қуйидаги йўналишлар бўйича аниқ мўлжаллар белгилаб берилган: 5 минг мутахассис тайёрлаш, камида 100 финтех-лойиҳани қўллаб-қувватлаш ва банклар билан компаниялар ўртасида хавфсиз маълумот алмашишни таъминлайдиган Open Banking тизимини жорий этиш.

Таҳлилчиларнинг фикрича, мазкур дастур мамлакатда рақамли молия экотизимининг шаклланишини тезлаштиради, халқаро сармоячилар учун шаффоф ва жозибали бозор муҳитини яратади. Шу билан бирга, банк секторида рақобат кучайиб, инновацион хизматлар улуши кескин ошиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид