add

Ўзбекистон Германия банкидан кичик бизнесни ривожлантириш учун 26,5 млн евро олади

Бугун 10:112 дақиқа

Маблағлар микро, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш ҳамда консалтинг қўллаб-қувватлашига йўналтирилиши айтилмоқда.

Ўзбекистон Германия банкидан кичик бизнесни ривожлантириш учун 26,5 млн евро олади

Ўзбекистон микро, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида Германия тараққиёт институти билан йирик молиявий ҳамкорликни бошлайди. Мамлакат ушбу йўналишда 26,5 миллион евро миқдорида кредит ва грант жалб қилади.

Вазирлар маҳкамасининг 2025 йил 29 декабрдаги қарорига мувофиқ, молиялаштириш Германиянинг KfW тараққиёт банки томонидан тақдим этилади. Лойиҳа микро, кичик ва ўрта бизнес субъектларининг барқарор фаолиятини таъминлаш, уларнинг молиявий ресурсларга кириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Ҳужжатга кўра, лойиҳа 2031 йилгача амал қилади. Умумий маблағнинг 23,5 миллион евроси имтиёзли кредит ҳисобланади, яна 3 миллион евро эса лойиҳани амалга ошириш жараёнида кўрсатиладиган консалтинг хизматлари учун грант сифатида ажратилади.

Кредит маблағлари икки траншда тақдим этилади. Ҳар бир транш 11,75 миллион евродан иборат бўлиб, кредит линияси 10 йиллик имтиёзли даврга эга. Кредит бўйича йиллик фоиз ставкаси 2 фоизни ташкил этади, бу эса тадбиркорлик субъектлари учун молиявий юкламани сезиларли даражада камайтиради.

Мазкур молиялаштириш кичик бизнесни ривожлантириш, иш ўринларини яратиш ва ҳудудий иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда. Шунингдек, грант маблағлари орқали тадбиркорларга маслаҳат хизматлари кўрсатилиб, лойиҳаларнинг самарадорлиги оширилади.

Лойиҳани амалга ошириш бўйича масъул давлат органи этиб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги белгиланди. Вазирлик маблағларни мақсадли ва самарали йўналтириш, шунингдек, KfW билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун жавобгар бўлади.

Теглар

Мавзуга оид