add

Ўзбекистон глобал сифат индексда 15 поғона кўтарилди

Бугун 12:262412 дақиқа

Маҳсулотлар рақобатдошлигини ошириш мақсадида амалдаги «Давлат назорати» тизимидан халқаро амалиётда самарали ҳисобланган «Бозор назорати» тизимига ўтилади.

Ўзбекистон глобал сифат индексда 15 поғона кўтарилди

Аккредитация, метрология ва стандартлаштириш соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон «Global Quality Infrastructure Index» рейтингида сўнгги икки йилда 15 поғона юқорилаб, 52-ўринни эгаллади. Бу мамлакатда маҳсулот сифати ва техник мувофиқликни таъминлаш тизими сезиларли даражада яхшиланганини кўрсатади.

Шу билан бирга, маҳсулотлар рақобатдошлигини янада ошириш мақсадида техник тартибга солиш соҳасида янги ёндашув жорий этилади. Президент таъкидлаганидек, амалдаги «Давлат назорати» тизимидан халқаро амалиётда самарали ҳисобланган «Бозор назорати» тизимига ўтилади. Бу ишлаб чиқарувчилар учун ортиқча маъмурий юкламаларни қисқартириш ва сифат назоратини бозор механизмлари орқали кучайтиришни назарда тутади.

Инновация асосида юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам кенгайтирилади. Хусусан, корхона мутахассисларининг илмий-тадқиқот ва конструкторлик ишланмаларидан олган даромадлари солиқдан озод этилади. Бу тадбир саноатда инновацион фаолликни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Кўзда тутилган ислоҳотлар натижасида келгуси беш йилда саноатда меҳнат унумдорлигини 30 минг долларга етказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, минг доллар қўшилган қиймат яратиш учун сарфланадиган энергия ҳажмини 1,5 баробарга қисқартириш мақсад қилинган.

Рақамли иқтисодиёт йўналишида ҳам янги ташаббуслар илгари сурилди. 2026 йилдан «Рақамли стартаплар» дастури кенгайтирилиб, стартап ғоясидан экспортгача бўлган бутун занжирни қўллаб-қувватлайдиган тизим жорий этилади. Бу жараёнда хусусий стартап марказларини ташкил этиш учун Ёшлар жамғармаси ҳисобидан беш йил муддатга 5 миллиард сўмгача фоизсиз ссуда берилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Марказий банки ҳузурида финтех офиси ва инновацион хаб ташкил этилиб, унга Сингапурдан мутахассислар жалб қилинади. Бу орқали ҳар йили 15–20 та финтех стартапни ташқи бозорга олиб чиқиш ва жами 1 миллиард доллар инвестиция жалб этиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, венчур фондлар, стартаплар ва финтех каби янги молиявий инструментлар бозорини ривожлантириш, шу соҳадаги иштирокчилар ҳуқуқларини қонун билан кафолатлаш зарурлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Президент парламентни Ҳукумат билан биргаликда «Муҳобил инвестиция жамғармалари тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқишга чақирди.

Теглар

Мавзуга оид