
Ўзбекистон ЖЧ-2026 ўйинларини Мексикада бошлайди, қолган икки ўйин АҚШда
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги уч ўйинни Мехико, Ҳюстон ва Атлантада ўтказади, деб ФИФА эълон қилган расмий тақвимда маълум қилинди.

ФИФА эълон қилган расмий тақвимга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихида илк бор иштирок этадиган ЖЧ-2026 мусобақасидаги учта гуруҳ баҳсини Мексика ва АҚШ ҳудудларида ўтказади. Миллий жамоа «K» гуруҳига жойлаштирилган бўлиб, рақиблар ва манзиллар расман тасдиқланган.
Биринчи ўйин 18 июн куни Мехикода Колумбияга қарши бўлади. Ушбу беллашув Тошкент вақти билан соат 08:00 да старт олиб, 88 минг томошабин сиғимига эга «Ацтека» стадионида ўтказилади.
Мексика пойтахти баландлик ва иқлим жиҳатидан мураккаб шароитга эга бўлгани учун, мутахассислар бу ўйинни гуруҳдаги энг қийин синовлардан бири сифатида баҳоламоқда.
Иккинчи баҳс 23 июнда Ҳюстон шаҳрида Португалияга қарши кечади. Ушбу ўйин Тошкент вақти билан 23:00 да 73 минг томошабинга музлжалланган NRG стадионида бошланади.
Португалия «K» гуруҳидаги энг кучли рақиблардан бири сифатида кўрилмоқда.
Гуруҳ босқичи 28 июн куни Атлантада якунига етади. Ўзбекистон мазкур беллашувда ФИФА плей-оффи ғолиби бўладиган Нова Каледония, Ямайка ёки Конго Демократик Республикасидан бирига қарши майдонга тушади.
Ўйин 71 минг томошабинни ўз бағрига сиғдира оладиган «Мерседес Бенц» стадионида Тошкент вақти билан 04:30 да ўтказилади.
Дарвоқе, Атлантадаги «Мерседес-Бенц» стадиони миллий жамоамиз учун бегона эмас. 2023 йил 13 сентябрда ушбу стадионда Ўзбекистон МТЖ Мексикага қарши ўртоқлик учрашуви ўтказган ва унда 3:3 ҳисоби қайд этилган.
Ҳозирча 42 терма жамоа мундиалга расман йўлланма олган. Қолган олти иштирокчи ўринлари 2026 йил март ойидаги плей-офф ўйинлари орқали белгиланади.
ЖЧ-2026 11 июндан 19 июлгача давом этади. Янгиланган форматга кўра, фақат гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаганлар эмас, балки учинчи ўриндан юқоридаги саккиз жамоа ҳам 1/16 финалга йўл олади. Умумий ҳисобда 32 жамоа плей-оффга чиқади.





