Logo

Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш бўйича дунёда топ-5 таликда — вазирлик

Йил бошида 2,2 миллион нафар деб баҳоланган камбағал аҳоли сони октябрга келиб 1,4 миллион нафаргача камайган. Вазирлик бу натижани ислоҳотлар самараси сифатида баҳоламоқда.

Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш бўйича дунёда топ-5 таликда — вазирлик © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш суръатлари бўйича дунёдаги етакчи бешта давлат қаторига кирган. Бу ҳақда 28 октябрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Бандлик вазири биринчи ўринбосари Марат Жўраев маълум қилди.

Вазир ўринбосари Жаҳон банки мутахассислари томонидан келтирилган баҳоларга тўхталган.

«Жаҳон банки ҳисоботида Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш бўйича дунё миқёсида чемпион давлатлиги, яъни топ бешта мамлакат ичига киришини таъкидлади. Шу билан бирга, Марказий Осиё ҳудуди доирасида камбағалликни қисқартиришнинг 60 фоиз улуши Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келиши айтилди», — деди Марат Жўраев.

Вазирлик расмийcининг маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2,2 фоиз бандга камайган. Йил бошида камбағал аҳоли улуши 5,8 фоизни ёки 2,2 миллион кишини ташкил этган бўлса, октябрь ойига келиб бу кўрсаткич 3,6 фоизга ёки 1,4 миллион кишига тушган.

Шунингдек, камбағал оилалар сони ҳам қисқарган. Йил бошида 533 мингта бўлган камбағал оилалар сони тўққиз ойда 349 мингтага камайган.

Марат Жўраев тақдим этган маълумотларга кўра, шу даврда 824 минг фуқаро доимий иш билан таъминланган. Қарийб 4,14 миллион кишининг даромадини оширишга кўмаклашилган, 980 минг нафар фуқаронинг норасмий бандлиги эса расмийлаштирилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2026 йилнинг саккиз ойида камбағаллик даражаси 3,9 фоизгача пасайгани ҳақида хабар берилганди.

Vaqt.uz Ўзбекистонда 2030 йилгача мутлақ камбағалликни нолга тушириш режаси ва бу кўрсаткични ҳисоблаш мезонларини таҳлил қилган эди. Унда камбағаллик даражасининг пасайиши билан бир қаторда, минимал истеъмол харажатлари қиймати реал нархлар ва аҳолининг мажбурий харажатларига қанчалик мос келиши масаласи ҳам кўтарилган.

Теглар

Мавзуга оид