
Ўзбекистон компанияси АҚШнинг иккиламчи санкциясига дучор бўлди
АҚШнинг иккиламчи санкциялари компанияларнинг халқаро ҳисоб-китобларини чеклаб, активларини блоклаш хавфини оширади ва улар билан ҳамкорлик қилувчи ташкилотлар учун ҳам таваккални кучайтиради.

АҚШ Молия вазирлиги Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) санкциялар рўйхатини кенгайтирди. Унга Ўзбекистоннинг «Datavice» компанияси ва унинг раҳбари россиялик Максим Макаров киритилди.
Маълум қилинишича, компания ҳам, Макаров ҳам кибержиноий гуруҳларни инфратузилма билан таъминловчи AEZA Group хостинг-провайдерига алоқадор эканлиги тахмин қилинмоқда.
«Datavice» МЧЖ 2025 йил июлда Тошкентда рўйхатдан ўтказилган. iHamkor маълумотларига кўра, унинг таъсисчиси, раҳбари ва бош бухгалтери Максим Макаров ҳисобланади. Компаниянинг устав фонди миқдори 24 миллион сўмни ташкил этади ва 31 июлдан бошлаб IT Парк резиденти.
Бироқ, OrgInfo маълумотларига кўра, 21 июл ҳолатига компания раҳбари сифатида Рустам Очилов кўрсатилган.
Санкция киритилиши «Datavice»нинг халқаро операцияларига жиддий чекловлар қўйиши мумкин. АҚШнинг иккиламчи санкциялари компанияларнинг халқаро ҳисоб-китобларини чеклаб, активларини блоклаш хавфини оширади ва улар билан ҳамкорлик қилувчи ташкилотлар учун ҳам таваккални кучайтиради.





