Logo

Ўзбекистон–Корея савдоси 1,7 млрд долларга етди: экспорт ва импорт қандай ўзгарди?

Тошкентнинг расмий Сеул билан савдо айланмаси 8 йил ичида 1,2 бараварга ошди. Экспортда ноозиқ-овқат хомашёси, импортда эса машина ва транспорт ускуналари устунлик қилмоқда.

Ўзбекистон–Корея савдоси 1,7 млрд долларга етди: экспорт ва импорт қандай ўзгарди? © Sun'iy intelekt

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13-сентябр куни Жанубий Кореяга давлат ташрифи билан борди ва ташрифда икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвеститсиявий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, президент 16-сентябр куни Сеулда ўтказиладиган илк «Марказий Осиё – Корея Республикаси» саммитида ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон–Корея савдоси 25 фоизга ошди

Сўнгги йилларда Корея Марказий Осиё билан савдо алоқаларини кенгайтириб келмоқда. Хусусан, Кореянинг минтақадаги энг йирик савдо ҳамкорлари Қозоғистон ва Ўзбекистон бўлиб, уларнинг улуши умумий товар айланмасининг қарийб 87 фоизига тенг. Қозоғистоннинг савдо ҳажми 3,2 млрд доллар, Ўзбекистонники эса 1,7 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.

2017–2025-йилларда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги савдо айланмаси 1,4 млрд доллардан 1,7 млрд долларга етди.

Шу даврда Сеул Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бирига айланди. 2025-йил якунларига кўра, Жанубий Корея мамлакатнинг умумий товар айланмаси бўйича 5-ўринни эгаллган.

Бироқ Корея билан савдо ҳажми Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдосида катта улушга эга эмас. 2025-йилда Жанубий Кореянинг Ўзбекистон умумий товар айланмасидаги улуши 2,1 фоизни ташкил этган. Икки давлат эса яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 4 млрд долларга етказишни мақсад қилган.

2017–2025-йилларда савдо айланмасининг қандай ўзгарганини қуйидаги диаграммада кўриш мумкин.

Рисунок1

Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги савдо айланмаси йиллар давомида бир хил суръатда ўзгармаган. 2017-йилда 1,4 млрд доллар бўлган савдо ҳажми икки йил ичида қарийб икки бараварга ошиб, 2019-йилда рекорд даражадаги 2,7 млрд долларга етган. Шундан кейин савдо айланмаси пасайиб, 2020–2021-йилларда 2 млрд доллардан бироз юқори ва 1,89 млрд доллар атрофида қайд этилган.

2022-йилда савдо ҳажми 2,34 млрд долларгача қайта ошган бўлса-да, бу 2019-йилдаги рекорд кўрсаткичга етмади. Кейинги уч йилда пасайиш давом этиб,  2025-йилга келиб 1,71 млрд долларни ташкил этди.

Шу тариқа, 2025-йилдаги савдо айланмаси 2019-йилдаги рекорд кўрсаткичдан қарийб 990 млн доллар ёки 36,6 фоизга кам бўлган. Бироқ 2017-йилга нисбатан умумий савдо ҳажми 25,2 фоизга юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Савдода импорт устунлик қилмоқда

Ўзбекистоннинг Жанубий Корея билан савдосида экспорт ва импорт ҳажми ўртасидаги фарқ катта. 2025-йилда Кореяга экспорт 61,7 млн долларни ташкил этган бўлса, импорт 1,67 млрд долларга етди. Яъни Кореядан олиб кирилган маҳсулот ва хизматлар ҳажми мамлакатнинг Кореяга сотганидан қарийб 27 баравар кўп бўлган.

Экспорт. Сўнгги 8 йилда Кореяга экспорт 143,3  млн доллардан 61,7 млн долларга етиб, 1,36 бараварга ошди. Бунда экспорт таркибининг асосий қисмини хизматлар ташкил қилмоқда. 2025-йилда уларнинг улуши 67,6 фоизга етди. Товар экспортида эса ноозиқ-овқат хомашёси 13,6 фоиз билан биринчи ўринда бўлди.

Шунингдек, сўнгги йилларда пахта ип-калаваси, жундан тайёрланган кийимлар ҳамда суғурта ва компьютер дастурлаш хизматлари экспорти кўпайган.

 

Рисунок2

Импорт. Импортнинг катта қисми эса машина ва транспорт ускуналарига тўғри келади. 2025-йилда ушбу йўналиш 1,02 млрд доллар ёки жами импортнинг 60,7 фоизини ташкил этди. Кимёвий маҳсулотлар 12,8 фоиз билан кейинги ўринда бўлди. Турли тайёр маҳсулотлар ва саноат маҳсулотларининг улуши эса мос равишда 8,3 ва 8,1 фоизни ташкил этди.

Импорт таркибидаги ўзгаришлар ҳам асосан ишлаб чиқариш ва техник эҳтиёжлар билан боғлиқ маҳсулотлар ҳисобига шаклланган. Хусусан, транспорт воситалари қисмлари, мотор мойлари, пайвандлаш ва тиббий ускуналар, шунингдек, лицензия ва таълим хизматлари импорти ошган. Бунга қарама-қарши равишда автомобиллар, айрим транспорт воситалари қисмлари, қурилиш техникаси ва бошқа ускуналар импорти камайган.

 

Рисунок3

Корея иштирокидаги корхоналар 20 бараварга ошди

Савдо билан бирга, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик ҳам кенгаймоқда. Буни Корея капитали иштирокидаги корхоналар сони ва жалб қилинаётган маблағлар ҳажмидан кўриш мумкин.

2026-йил январ-июл ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Корея капитали иштирокидаги 730 та корхона фаолият юритмоқда. Шундан 186 таси қўшма корхона, 544 таси тўлиқ Корея капитали асосида ташкил этилган. 2018-йил бошида бундай корхоналар сони 35 та эди. Шу даврда уларнинг сони 20 баравардан кўпроққа ошган.

Корея капитали иштирокидаги лойиҳалар нефт-газ ва кимё, автомобилсозлик, тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, энергетика, соғлиқни сақлаш, транспорт ва қурилиш соҳаларига тўғри келади.

Бундан ташқари саккиз йил ичида Жанубий Кореядан Ўзбекистонга қарийб 2 млрд доллар тўғридан-тўғри инвестиция ва кредитлар жалб қилинган. 2025-йилнинг ўзида бу кўрсаткич 474,5 млн долларни ташкил этган.

Ҳамкорликнинг кейинги босқичи эса янги ва йирик лойиҳалар билан боғлиқ. 14-сентябр куни Сеулда ўтказилган музокаралар якунида қарийб 12 млрд долларлик истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди. Уларни молиялаштириш ва амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун Корея Эксимбанки билан 8 млрд долларлик стратегик ҳамкорлик дастури ҳам қабул қилинди. Янги лойиҳалар муҳим минералларни ўзлаштириш, транспорт ва инфратузилмани ривожлантириш ҳамда юқори технологияларни жорий этишга қаратилган.

Теглар

Мавзуга оид