
Ўзбекистон куз-қиш мавсумида кўмир ишлаб чиқаришни 10 млн тоннага етказмоқчи
2025/2026 йиллар куз-қиш мавсумида аҳолини кўмир билан кафолатли таъминлаш, маҳсулот таннархини тушириш режалаштирилмоқда.

Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни кўмир қазиб чиқаришда эришилган натижалар ва келгуси вазифалар юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда айтилишича, куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш мақсад қилинган.
Шу боис энергетиканинг барча тармоқлари қатори кўмир саноатида ҳам янги лойиҳалар амалга оширилмоқда, ишлаб чиқариш қувватлари ва ҳажмлари кўпайтирилмоқда.
Хусусан, 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумида қарийб 8,7 млн тонна кўмир қазиб олиниб, иссиқлик электр станциялари, бюджет ташкилотлари ва аҳолига етказиб берилди.
Тақдимотда 2025/2026 йиллар куз-қиш мавсумида 10 миллион тонна кўмир ишлаб чиқариш режалаштирилгани маълум қилинди.
«Бунинг учун „Ўзбеккўмир“ корхоналарининг моддий-техник базаси кучайтирилди, соҳада қўшимча ишлаб чиқарувчиларнинг фаолияти учун шароитлар яратилди», — дейилади хабарда.
Президент мавсум давомида аҳолини кўмир билан кафолатли таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди. Корхоналарни модернизация қилиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, соҳада бозор тамойиллари ҳамда рақобатни ривожлантириб, маҳсулот таннархини тушириш муҳимлиги қайд этилди.
Тақдимотда уран йўналишидаги янги инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, геология-қидирув ишларининг кўламини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.





