Logo

Ўзбекистон мундиалдан қанча пул олади? Пуллик автотураргоҳлар нархи қайси ташкилот томонидан белгиланмоқда? Турдимов қабулига келган фуқарони кредит бўйича огоҳлантирди-ҳафта дайжести

Бугун 20:006 дақиқа

Ўтаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган энг муҳим ва жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz яна бир бор ёдга солади.

Қаршидаги портлаш: 6 киши ҳалок бўлди

Ортда қолаётган ҳафта Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида содир бўлган аянчли ҳодиса билан ҳам ёдда қолди. 8 июн куни маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида юз берган кучли портлаш оқибатида 6 нафар фуқаро ҳалок бўлди, яна 5 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди.

Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари воқеа жойига тезкор етиб бориб, ёнғинни қисқа вақт ичида локаллаштиришга муваффақ бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш оқибатида бир нечта транспорт воситалари ҳамда ёқилғи сақлаш резервуарларига зарар етган.

Фожиа сабабларини ўрганиш ва оқибатларни бартараф этиш мақсадида Ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссияга жабрланганларга ёрдам кўрсатиш, ҳодиса сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чоралар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

АҚШда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари текширувдан ўтказилди

Ўтган ҳафта АҚШда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг ўртоқлик учрашуви олдидан Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари ва мураббийлари қатъий хавфсизлик текширувидан ўтказилди ва ҳолат акс этган видео тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ташқи ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан Vaqt.uz'га муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, футболчилар ва делегация аъзолари металлодетектор орқали текширувдан ўтказилган, шу билан бирга хавфсизлик ходимлари томонидан қўшимча назорат чоралари қўлланилган. Бу ҳолатга муносабат билдирган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Нью-Йоркдаги Бош консулхона орқали Америка Қўшма Штатларининг тегишли идораларидан расмий изоҳ сўраган.

Вазирлик томонидан билдирилишича, ҳар қандай хавфсизлик чоралари ички қоидалар доирасида амалга оширилиши мумкин бўлса-да, бундай жараёнлар халқаро спорт тадбирларининг руҳига, жумладан ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатларга путур етказмаслиги кераклиги таъкидланган. Ҳозирча АҚШ томонидан ҳолат юзасидан расмий тушунтириш берилмаган.

Ўзбекистон мундиалдан қанча пул ишлаб олади?

Ўтган ҳафта футбол жамоатчилигида кенг муҳокама қилинган мавзулардан бири Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиши орқали оладиган молиявий мукофотлари бўлди. Маълумотларга кўра, FIFA томонидан жамоага турнирда иштирок этиш учун камида 10,5 миллион доллар ажратилади.

Ушбу сумманинг 9 миллион доллари гуруҳ босқичида иштирок учун, 1,5 миллион доллари эса тайёргарлик харажатларини қоплаш учун мўлжалланган. Агар терма жамоа гуруҳ босқичидан чиқиб, плей-оффга йўл олса, умумий мукофот миқдори янада ортиши мумкин.

Хусусан, 1/8 финалга чиқиш ҳолатида умумий тушум 15 миллион долларга етиши, тайёргарлик учун ажратилган маблағлар билан бирга 16,5 миллион долларгача ошиши мумкин. Шу тариқа, Жаҳон чемпионати Ўзбекистон футбол жамоаси учун нафақат тарихий ютуқ, балки йирик молиявий имконият ҳам ҳисобланади.

Эркинжон Турдимов: «Кредит олсангиз, кўчада қолишга тайёр бўлинг»

«Кредит олсангиз, кўчада қолишга тайёр бўлинг». Ўтган ҳафта Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг аҳоли қабулида айтган шу гапи ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокими томорқа ерига сув чиқариш учун 120 миллион сўм кредит олишда ёрдам сўраган фуқаро мурожаатига муносабат билдириб, кредит маблағларини қайтариш мажбурияти ва унинг эҳтимолий оқибатлари ҳақида огоҳлантирди.

Турдимовнинг таъкидлашича, кредит айрим ҳолатларда фуқаролар учун оғир молиявий юкка айланиши мумкин. Шу боис у мурожаатчини қарз олишдан қайтариб, муаммони маҳаллий ҳокимлик кўмагида ҳал қилиш таклифини берди.

ИИО ходимига бўйсунмаган ҳайдовчи қурол билан тўхтатилди 

Якунланаётган ҳафтада Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати билан боғлиқ шов-шувли ҳодисалардан бири қайд этилди. 11 июнь куни кечқурун Cobalt русумидаги автомобиль ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда ҳаракатланиб, атрофдагилар ҳаёти ва хавфсизлигини хавф остига қўйди.

Маълумотларга кўра, ҳайдовчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган ҳамда йўлдаги бир нечта транспорт воситаларига техник шикаст етказган. Воқеа давомида унинг ҳаракатлари бошқа фуқаролар учун ҳам жиддий хавф туғдирган.

Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан табель қуролидан фойдаланилиб, огоҳлантиришдан сўнг автомобиль ғилдирагига ўқ узиш орқали транспорт воситаси тўхтатилган. Шу тариқа ҳайдовчининг кейинги ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган. Ҳозирда терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

“Poytaxt Parking”

Тошкентда жорий этилаётган пуллик автотураргоҳлар атрофидаги муҳокамалар кучайиб бораётган бир пайтда, тарифлар ким томонидан белгилангани ҳақидаги масала ҳам аниқлаштирилди. Poytaxt Parking раҳбари Жаҳонгир Тошпўлатовга кўра, автотураргоҳлар учун амалдаги нархлар хусусий оператор томонидан эмас, балки шаҳар ҳокимлиги қарори билан тасдиқланган.

Унинг айтишича, шаҳар марказидаги пуллик автотураргоҳлар учун белгиланган 12 минг сўмлик тариф ҳам Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан қабул қилинган қарор асосида амал қилмоқда. Оператор эса фақат техник ижрочи сифатида тизимни бошқариш билан шуғулланади.

Шу билан бирга, “Poytaxt Parking” раҳбари Тошкентдаги нархларни қўшни давлатлар пойтахтлари билан таққослаш тўлиқ манзарани бермаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, айрим мамлакатларда парковка тарифлари йиллар давомида ўзгармаган ва тизим бошқаруви ҳам турлича йўлга қўйилган.

Оператор томонидан тушумларнинг тақсимоти бўйича ҳам изоҳ берилиб, у давлат ва шаҳар тизимига турли тўловлар амалга оширилишини, асосий молиявий оқим эса маҳаллий ҳокимлик тасарруфига ўтишини маълум қилди. Шу билан бирга, лойиҳа ҳозирги босқичда зарар билан ишлаётгани ҳам қайд этилди.]

Моддий ёрдам пулларининг 75 фоизи ишлатилмаган

Ўтган ҳафта Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бандлик дастурлари учун ажратилган маблағлардан фойдаланишда жиддий камчиликлар борлиги айтилди. Депутат Сайёра Имомова маълум қилишича, ишсизлик нафақаси ва моддий ёрдам учун ажратилган маблағларнинг 75 фоизи ишлатилмай қолган.

Шунингдек, субсидиялар бўйича режалаштирилган кўрсаткичлар ҳам бажарилмагани, жумладан хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш режаси тўлиқ амалга ошмагани қайд этилди.

Бандлик вазирлиги эса бир қатор субсидия турлари бекор қилиниб, улар ўрнига янги молиявий механизмлар жорий этилганини билдириб, маблағлар тузилмаси ўзгаргани билан изоҳ берди. Бироқ депутатлар бу тушунтиришни етарли деб топмади.

Андижондаги поликлиникада фожиа: 4 киши вафот этди

Ўтган ҳафта Андижон вилоятида ўлимга сабаб бўлган оғир фожиа Марҳамат туманида қайд этилди. Марказий поликлиника ҳудудида чиқинди сувлар тўпланадиган насос бункерини тозалаш жараёнида 4 нафар ходим газдан заҳарланиб ҳалок бўлди.

Дастлаб 57 ёшли сантехник бункер ичида заҳарланган. Уни қутқаришга уринган қоровул, электрик ва чиқинди машинаси ҳайдовчиси ҳам ичига тушиб, заҳарланиш оқибатида вафот этган. Ҳодиса жойида 4 нафарнинг жасади чиқариб олингани ФВВ томонидан тасдиқланди.

Расмий маълумотларга кўра, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида ўлимга меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш сабаб бўлгани эҳтимол қилинаётгани билдирилмоқда. Ҳозирда экспертизалар тайинланган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Бибисара Асаубаева Тўқаевга Спорт вазирлиги устидан шикоят қилди

Ўтган ҳафта Қозоғистон спорт жамоатчилигида катта муҳокамаларга сабаб бўлган воқеалардан бири таниқли шахматчи Бибисара Асаубаеванинг мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга йўллаган мурожаати бўлди. Дунё рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келаётган спортчи шахмат соҳасидаги молиялаштириш ва давлат қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ муаммоларни очиқ тилга олди.

Асаубаеванинг таъкидлашича, сўнгги йилларда халқаро мусобақалардаги муваффақиятларига қарамай, унинг ойлик маоши уч баравар қисқартирилган, йирик турнирларга тайёргарлик учун ажратилаётган маблағлар эса етарли бўлмаган. Шунингдек, у баъзи ваъда қилинган молиявий ёрдамлар тўлиқ берилмаганини ҳам қайд этди.

Шахматчининг мурожаатидан кейин Қозоғистон Туризм ва спорт вазирлиги расмий изоҳ бериб, унинг халқаро мусобақаларга тайёргарлиги учун сўнгги уч йил давомида катта миқдорда маблағ ажратилганини маълум қилди. Вазирлик, шунингдек, давлат раҳбари томонидан спортчининг ютуқлари юқори баҳоланганини ва уни мукофотлаш ҳақида тегишли фармон имзоланганини эслатди.

Хабарингиз бор, cўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда Бибисара Асаубаева ва Жавоҳир Синдоров бир қатор шахмат мусобақалари ва тадбирларда бир вақтда иштирок этгани, шунингдек, улапнинг умумий сурат ва видеолар тарқалгани сабабли турли муҳокамалар пайдо бўлган эди.

Теглар

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 51

Барчаси

Мавзуга оид