Ўзбекистон оилаларининг бахтлилик даражаси аниқланди
Умумий бахтлилик индексида оилаларнинг иқтисодий фаровонлиги, иш билан таъминланганлиги, таълим имкониятлари, соғлом турмуш тарзи ва давлат хизматларидан қониқиш даражалари ўрганилди.
© olphoto.ru«Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти томонидан 2026 йил март–апрел ойларида республика ҳудудларида 12 минг 697 нафар респондент иштирокида социологик сўров ўтказилди. Ўзбекистондаги оилаларнинг умумий бахтлилик индекси 0,618 баллни ташкил этди.
Баҳолаш индекси
Тадқиқот методикасига кўра, бахтлилик индекси –1 дан +1 гача бўлган оралиқда баҳоланади. +0,5 дан +1 гача бўлган натижа «юқори», 0 дан +0,49 гача бўлган кўрсаткич эса «ўрта» даража сифатида қабул қилинади.
Натижаларга кўра, Ўзбекистон оилаларининг умумий бахтлилик индекси 0,618 баллга етган. Бу мамлакатдаги оилалар ўз ҳаётидан қониқиш даражаси юқори эканини англатади.
Эслатиб ўтамиз, оилаларнинг бахтлилик индекси 2023-йилда – 0,560 баллни, 2025-йилда эса 0,611 баллни ташкил этган. Сўнгги тўрт йил давомида оилаларнинг бахтлилик индекси ўртача +0,058 баллга ошган.

Манба: «Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти
Тадқиқотда айниқса оилавий қадриятлар, демографик барқарорлик ва оилавий ҳаётдан мамнунлик энг юқори баҳоланган йўналишлар сифатида қайд этилди. Шунингдек, таълим олиш имкониятлари, иш билан таъминланганлик ва давлат хизматларидан қониқиш кўрсаткичларида ҳам сўнгги йилларда ўсиш кузатилган.
Аввалроқ Жаҳон бахт индексини ўлчовчи «World Happiness Report 2025» йилги ҳисоботида Ўзбекистон дунё бўйича 53-ўринни эгаллаган эди. Марказий Осиё давлатлари ичида эса мамлакат Қозоғистондан кейин иккинчи ўринда қайд этилган.





