Logo

Ўзбекистон олдидаги уч мақсад: 5 фоизлик инфляция, ЖСТ ва инвестицион рейтинг

Бугун 12:053 дақиқа

Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ташқи давлат қарзи ЯИМнинг тахминан 27 фоизини ташкил этаётгани ҳамда макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашни режалаштираётганини айтди.

Ўзбекистон олдидаги уч мақсад: 5 фоизлик инфляция, ЖСТ ва инвестицион рейтинг © Forum

Ўзбекистон келгуси йилда инфляцияни 5 фоизга тушириш, яқин йилларда инвестицион даражадаги суверен кредит рейтингига эришиш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 24 август куни Тошкентда бўлиб ўтган «Silk Road Finance & Technology Forum»нинг очилиш маросимида маълум қилди, дея Vaqt.uz мухбири хабар берди.

Қўчқоровнинг айтишича, Ўзбекистон иқтисодий сиёсатида финтехни ривожлантириш, хусусий капитални жалб қилиш ва янги молиявий инструментларни жорий этиш устувор йўналишлардан ҳисобланади.

Унинг таъкидлашича, ҳар қандай соҳанинг, жумладан, финтехнинг муваффақиятли ривожланиши барқарор ва қулай макроиқтисодий шароитларга боғлиқ.

«Ҳар қандай соҳа, жумладан, финтехнинг муваффақиятли ривожланиши охир-оқибат барқарор ва қулай макроиқтисодий шароитларга боғлиқ. Ана шу шароитлар барқарор ўсиш ва инвестициялар учун асос яратади», — деди Жамшид Қўчқоров.

Иқтисодиёт 10 йилда уч баробарга ўсди

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги ўн йилда ўртача йилига 6−7 фоизга ўсган.

Шу даврда мамлакат ялпи ички маҳсулоти қарийб 60 млрд доллардан 180 млрд долларгача ошиб, иқтисодиёт ҳажми уч баробарга кўпайган.

Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳам 1900 доллардан 4600 долларгача ўсган. Бу Ўзбекистоннинг ўртадан юқори даромадли давлатлар гуруҳига яқинлашишига имкон берган.

Қўчқоров инфляцияга ҳам тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, бир неча йил давомида икки хонали кўрсаткичда бўлган инфляция бир хонали даражага тушган.

«Бу йил инфляция тахминан 6,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Бизнинг мақсадимиз эса келгуси йилда уни 5 фоизлик кўрсаткичга етказишдир», — деди у.

Шунингдек, ташқи давлат қарзи ЯИМнинг тахминан 27 фоизи даражасида сақланмоқда.

«Бюджет интизомини сақлаш биз учун асосий тамойил ҳисобланади. Сўнгги йилларда бюджет тақчиллигини ЯИМнинг 3 фоизидан паст даражада ушлаб келяпмиз», — деди Қўчқоров.

Инвестицион рейтинг, ЖСТ ва давлат иштирокини қисқартириш

Бош вазир ўринбосарининг айтишича, ҳукумат келгуси ўн йилда инвесторлар ва бозор иштирокчилари учун қулай ҳамда прогноз қилиш мумкин бўлган муҳит яратишни мақсад қилган.

Бунинг учун инфляцияни белгиланган мақсадли даражага тушириш, бюджет интизомини сақлаш ва давлат қарзини мақбул ҳамда барқарор даражада ушлаб туриш бўйича зарур чоралар кўрилади.

Қўчқоров кейинги мақсадлар орасида Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини инвестицион даражага олиб чиқишни ҳам санади.

«Биз инвестицион даражадаги суверен кредит рейтингига эришиш, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишини якунлаш, иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва бозор ислоҳотларини давом эттириш устида ишлаймиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бу чоралар хусусий секторнинг ролини кучайтириш, Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциясини чуқурлаштириш ва маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар учун имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилиши керак.

Технологиялар тўсиқларни камайтирадиган тизим

Жамшид Қўчқоров таркибий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон замонавий, рақобатбардош ва инклюзив, жаҳон иқтисодиётига интеграциялашган молия тизимини шакллантиришни мақсад қилганини билдирди.

«Бу технологиялар тўсиқларни камайтирадиган, инновациялар рағбатлантириладиган ва ишонч ҳимоя қилинадиган тизим бўлиши керак», — деди бош вазир ўринбосари.

Шунингдек, Ўзбекистон минтақавий ва халқаро ҳамкорлик ҳамда ўзаро боғлиқликни кучайтиришни режалаштирмоқда.

Унинг айтишича, финтехнинг ривожланиши капиталнинг тезроқ ҳаракатланиши ва тақсимланишига, молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ҳамда молиявий ресурслардан самаралироқ фойдаланишга хизмат қилиши лозим.

Қўчқоров форум давомида билдирилган муҳим таклиф ва ташаббуслар келгуси йилларда амалий натижаларга олиб келиши ва ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишига ишонч билдирди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон олдидаги уч мақсад: 5 фоизлик инфляция, ЖСТ ва инвестицион рейтинг | Vaqt.uz