add

Ўзбекистон президенти 7 мамлакатнинг янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Греция, Индонезия, Латвия, Франция, Россия, Япониядан ва Тожикистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

Ўзбекистон президенти 7 мамлакатнинг янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

27 ноябр куни Ўзбекистонга янги тайинланган хорижий элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фавқулодда ва мухтор элчилар – Греция Республикасидан Параскеви Цевелеки, Индонезия Республикасидан Сити Руҳайни Жухаятин, Латвия Республикасидан Гиртс Яунземс, Франция Республикасидан Валид Фук, Россия Федерациясидан Алексей Ерхов, Япониядан Кэндзи Хирата ва Тожикистон Республикасидан Насриддин Исматуллодан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

photo_9_2025-11-27_18-46-34

Давлат раҳбари Янги Ўзбекистонда ўз миссиясини бошлаётган дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини самимий табриклади. Ҳозирги беқарор даврда, бутун дунёда мураккаб геосиёсий ва иқтисодий муаммолар кескинлашиб бораётган бир пайтда дипломатларнинг иши тобора муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

photo_4_2025-11-27_18-46-34

– Сизлар бир неча ойдан буён юртимизда бўлиб, бугунги кунда мамлакатимиз қандай жадал ўзгаришлар руҳи билан яшаётганига ва жаҳон дипломатия марказларидан бирига айланиб бораётганига шахсан гувоҳ бўляпсиз, – деди президент.

Хусусан, 2025 йилда Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгаши йиғилиши, Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити ва Халқаро иқлим форуми, UNESCO Бош конференциясининг тарихий сессияси ҳамда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саммити муваффақиятли ўтказилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинди.

2025 йилда Ўзбекистон Глобал барқарор ривожланиш мақсадлари индексида 19 поғонага кўтарилди ва охирги 10 йил ичида энг юқори натижаларга эришган бешта давлат қаторига кирди. Кейинги саккиз йилда иқтисодиёт икки баравардан кўпроққа ошди. Камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача пасайди.

Шунингдек, президент Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини фаол қўллаб-қувватлагани учун элчилар вакиллик қилаётган мамлакатлар ҳукуматларига алоҳида миннатдорлик билдирди.

Маросим якунида давлат раҳбари янги тайинланган элчиларга шарафли фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади. Ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун барча мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга чақирди, ҳудудлар ва хусусий сектор вакиллари билан фаол ҳамкорлик қилишни тавсия қилди.

Хорижий дипломатлар самимий қабул ва самарали фаолияти учун яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни фаол ривожлантириш учун профессионал тажрибаси ва билимларини тўлиқ сафарбар этишга тайёр эканликларини таъкидладилар.

Теглар

Мавзуга оид