
Ўзбекистон «Қамбарота-1» ГЭС қурилишини молиялаштиради
2026 йилдан бошлаб «Қамбарота-1» ГЭС қурилиши Қирғизистон (34 фоиз), Ўзбекистон ва Қозоғистон (33 фоиздан) томонидан молиялаштирилади.

«Қамбарота-1» гидроэлектр станцияси қурилиши Қирғизистон томонидан 34 фоиз, Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан эса 33 фоиздан молиялаштирилади. Бу ҳақда Қирғизистон Энергетика вазирлигига таяниб, 24.kg нашри хабар берди.
Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев билан учрашувда сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш аҳамиятини қайд этган эди.
«Минтақанинг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва биргаликда бошқариш мақсадида келгуси йилда Қирғизистон ва Қозоғистон билан биргаликда Қамбарота-1 гидроэлектр станциясини қуриш лойиҳасини молиялаштиришни бошлаймиз», деган Мирзиёев.
Маълумотларга кўра, «Қамбарота-1» ГЭС қурилиши учун 4,2 миллиард доллар сарфланиши кутилмоқда. Халқаро молия институтлари томонидан шакллантирилган умумий молиялаштириш портфели 5,6 миллиард долларни ташкил этган.
Лойиҳада иштирок этувчи давлатлар улуши Қирғизистон учун 34 фоиз, Ўзбекистон ва Қозоғистон учун эса 33 фоиздан тўғри келади. Электр энергияси ҳар бир мамлакатга ушбу улушлардан келиб чиқиб тақсимланади, заруратга қараб бозор шароитлари асосида таннарх қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Президент Мирзиёев учрашувда Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев ҳамда БАА, Туркия ва Озарбайжон энергетика компаниялари раҳбарларига Ўзбекистонга йирик инвестицияларни жалб этиш ва замонавий технологияларни жорий этишдаги кўмаги учун миннатдорлик билдирган, деб ёзмоқда 24.kg.
Лойиҳа амалга оширилиши Марказий Осиёда қўшма энергетика ташаббусларини кенгайтириш ва минтақанинг узоқ муддатли энергетик барқарорлигини мустаҳкамлашда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.





