Logo

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон Биринчи хонимлари «Алтин балалик» реабилитация марказига ташриф буюрди

Бугун 14:551 дақиқа

Зироат Мирзиёева, Айгул Жапарова ва Меҳрибон Алиева Қирғизистондаги «Алтин балалик» реабилитация марказида бўлиб, болалар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон Биринчи хонимлари «Алтин балалик» реабилитация марказига ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Қирғиз Республикаси Биринчи хоними Айгул Жапарова ҳамда Озарбайжон Республикаси Биринчи хоними Меҳрибон Алиева билан биргаликда Қирғизистондаги «Алтин балалик» реабилитация марказига ташриф буюрди.

Ташриф давомида олий мартабали меҳмонлар марказ фаолияти, болалар учун яратилган шарт-шароитлар ва турли маҳорат дарслари билан танишиб, тарбияланувчилар билан самимий мулоқот қилди.

Меҳмонлар учун «Шаттик» миллий рақс ансамбли ҳамда ёш комузчилар ансамбли томонидан маданий дастур намойиш этилди. Шунингдек, «Ақилман» иқтидорли болалар президент лицейи ўқувчилари тайёрлаган лой ва кигиздан ясалган буюмлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Шундан сўнг делегациялар марказ ҳудудидаги соҳил бўйи ва санъат галереясини кўздан кечирди. Галереяда Қирғизистонда ўтказиладиган болалар ижодиёти халқаро танловлари ғолиблари, жумладан, ўзбекистонлик ёш рассомларнинг ишлари намойиш этилди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида яратилган «Дўстлик дарахти» номли кигиз панносига якуний безак элементини тушириш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Ташриф якунида Қирғиз Республикаси Биринчи хоними Айгул Жапарова Зироат Мирзиёевага анъанавий қирғиз миллий мусиқа асбоби — чангқўбизни совға қилди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон Биринчи хонимлари «Алтин балалик» реабилитация марказига ташриф буюрди | Vaqt.uz