
Ўзбекистон Starlink ва Veon келишувида қамров харитасига киритилди
SpaceX'нинг Starlink компанияси Veon билан смартфонларни тўғридан-тўғри сунъий йўлдош орқали улаш технологияси бўйича ҳамкорликни бошлади. Лойиҳада Ўзбекистон потенциал қамров ҳудуди сифатида белгиланган.

SpaceX таркибидаги Starlink телекоммуникация гуруҳи халқаро Veon холдинги билан«direct-to-cell» — яъни смартфонларни тўғридан-тўғри сунъий йўлдош орқали улаш технологияси бўйича ҳамкорлик келишувини имзолади. Бу Starlink учун мазкур йўналишдаги энг йирик ҳамкорлик лойиҳаси ҳисобланади.
Келишувга кўра, лойиҳа аввало Украинада Kyivstar оператораси орқали 2025 йилнинг тўртинчи чорагида синов тариқасида ишга туширилади.
Кейинги босқичда Қозоғистонда Beeline орқали 2026 йилда фойдаланишга топширилади.
Veon холдинги фаолият юритадиган бозорлар орасида Покистон, Бангладеш ва Ўзбекистон ҳам бор.
Ушбу технология алоқа инфратузилмаси етарли бўлмаган чекка ҳудудларда смартфонларни сунъий йўлдош орқали интернет ва уяли тармоққа улаш имконини беради.
Starlink маълумотига кўра, орбитада 8 мингдан ортиқ сунъий йўлдош фаолият кўрсатмоқда, шуларнинг тахминан 650 таси айнан «direct-to-cell» хизмати учун ихтисослашган.
Veon компанияси Amazon'нинг Project Kuiper, AST SpaceMobile ва Eutelsat OneWeb каби бошқа сунъий йўлдош операторлари билан ҳам алоҳида йўналишларда ҳамкорлик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолган. Бу ҳолда турли минтақаларда рақобат ва технологиялар диверсификацияси таъминланади.
Ўзбекистон Veon экотизимига киргани сабабли, лойиҳа ривожланиши билан қишлоқ ва чекка ҳудудларда мобил қамровни сезиларли даражада кенгайтириш имкони яратилади.





