Ўзбекистон тарихида илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этади
06.06.2025 | 08:303 дақиқа
Ўзбекистон миллий жамоаси футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Бу мамлакат футбол тарихида илк бор мундиалнинг финал босқичида иштирок этишни англатади.

Темур Кападзе бошчилигидаги жамоа Жаҳон чемпионатига саралашнинг учинчи босқичида БАА терма жамоасига қарши сафарда 0:0 ҳисобида дуранг қайд этди. Ўзбекистонга кейинги босқичга чиқиш учун айнан шу натижа етарли бўлди.
Учрашув аввалида ҳужумчи Остон Ўрунов жароҳат олиб, ўйинни давом эттира олмади. Уни Аббосбек Файзуллаев алмаштирди ва 53-дақиқада яқиндан бош билан урилаган зарбаси дарвозанинг тўсинига тегди. Ўйин давомида дарвозабон Ўткир Юсупов жамоани бир неча бор қутқарди ва учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди.
Ўзбекистон бу натижа орқали Осиё қитъасидан жаҳон чемпионатига чиққан Марказий Осиёнинг илк давлатига айланди. Мустақилликка эришган 1991 йилдан буён миллий жамоа саккиз марта мундиалга чиқишга уринган, аммо бугунгача муваффақиятга эриша олмаган эди.
Бош мураббий Темур Кападзе эса икки йўналишда тарихга кирди — у ёшлар термасини ёзги Олимпиадага, миллий термани эса Жаҳон чемпионатига олиб чиққан илк мураббийга айланди.
Гуруҳда 9 ўйиндан сўнг Ўзбекистон 18 очко билан иккинчи ўринда. Биринчи ўриндаги Эрон ҳам аввалги турда мундиалга йўлланма олган.
Ўзбекистондан сўнг Осиё қитъасидан ЖЧ-2026 учинчи саралаш босқичининг ушбу 9-турида Жанубий Корея ва Иордания ҳам ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритди
Ўзбекистон миллий жамоаси 10 июн куни Тошкентда Қатарга қарши сўнгги тур учрашувини ўтказади.





