Ўзбекистон терма жамоаси ўйинлари мактаблардаги катта экранларда намойиш этилади

Бугун 09:291 дақиқа

Жаҳон чемпионати давомида Ўзбекистон терма жамоасини қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакат бўйлаб 208 та туман ва шаҳардаги мактабларда «Мухлислар майдони» ташкил этилади.

Ўзбекистон терма жамоаси ўйинлари мактаблардаги катта экранларда намойиш этилади © ufa

Ўзбекистонда футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинлари давомида миллий терма жамоани қўллаб-қувватлашга қаратилган «Мухлислар майдони» лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилди.

Мактаблар рўйҳати

Лойиҳа доирасида республика бўйлаб 208 та туман ва шаҳарда белгиланган умумтаълим мактаблари футбол мухлислари учун махсус томоша майдонига айлантирилади. Ушбу мактабларда Ўзбекистон терма жамоаси иштирокидаги учрашувлар катта экранлар орқали жонли эфирда намойиш этилади.

Тадбирларда ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиши мумкин. Мақсад мамлакат тарихидаги муҳим спорт мусобақасида иштирок этаётган миллий терма жамоани биргаликда қўллаб-қувватлаш ва футбол муҳитини янада кучайтиришдан иборат.

«Мухлислар майдони» сифатида танланган таълим муассасаларида ўйинларни қулай томоша қилиш учун зарур техник ва ташкилий шароитлар яратилади. Бу эса футбол ишқибозларига жамоавий равишда ўйинларни кузатиш имконини беради.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида Колумбия, Португалия ва Конго терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Терма жамоанинг дастлабки учрашуви 18 июн куни Тошкент вақти билан соат 07:00 да бўлиб ўтади. Кейинги ўйинлар 23 июн куни соат 22:00 да ва 28 июн куни соат 04:30 да ташкил этилади.

Мазкур ташаббус мамлакат бўйлаб футбол мухлисларини бирлаштириш ва миллий жамоага кучли маънавий қўллаб-қувватлаш муҳитини яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид