add

Ўзбекистон туризми дунёда энг тез ўсишга эришган етти мамлакат қаторига кирди

Кеча 19:183332 дақиқа

2019 йилга нисбатан сайёҳлар оқимининг 73 фоизга кўпайиши Ўзбекистонни глобал туризмда энг фаол йўналишлар қаторига олиб чиқди.

Ўзбекистон туризми дунёда энг тез ўсишга эришган етти мамлакат қаторига кирди

Бутунжаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистон сайёҳлар оқими энг тез ўсган мамлакатлар қаторига кирди. 2019 йил билан солиштирилганда, мамлакатга келган хорижий туристлар сони 73 фоизга ошган. Бу мамлакатни дунёда туризмда энг юқори ўсиш қайд этган олтинчи давлатга айлантирди. 2025 йилнинг 11 ойида мамлакатга 10,7 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ келди.

World Tourism Barometer ҳисоботида қайд этилишича, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистон хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича дунёда энг юқори ўсишга эришган топ-7 мамлакат қаторига кирган. Рейтингда Бутан, Қатар, Эл Салвадор, Албания ва Баҳрайн каби давлатлар ҳам жой олган.

Шу даврда Ўзбекистонга ташриф буюрган халқаро туристлар сони 2024 йилга нисбатан 13 фоизга кўпайган. Бу кўрсаткич мамлакатни Европа минтақасида сайёҳлик ўсиши энг юқори бўлган топ-4 йўналиш қаторига киритди.

БМТ Туризм ҳисоботига кўра, 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида жаҳон бўйича халқаро саёҳатлар ҳажми ўртача 5 фоизга ошган. Глобал туризм пандемиядан кейин барқарор тикланиш босқичига кирган бир пайтда, Ўзбекистон бу жараёндан анча юқори суръатларда фойдаланмоқда.

Мамлакат Туризм қўмитаси маълум қилишича, 2025 йилнинг 11 ойида Ўзбекистонга 10,7 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ келган. Апрел ойидан бошлаб эса тарихда биринчи марта ҳар ойда миллион нафардан зиёд сайёҳ қайд этилмоқда. Туристик хизматлар экспортидан тушган даромад 4,4 миллиард доллардан ошган.

Идора бу ўсишни виза режимининг кенгайтирилиши, транспорт қатновларининг яхшиланиши ва халқаро маркетинг фаоллигининг ошиши билан изоҳлайди. Шунингдек, Самарқанд, Бухоро ва Хивадан ташқари экологик ва гастрономик туризмга бўлган қизиқиш ҳам тобора кучаймоқда.

Теглар

Мавзуга оид