Logo

Ўзбекистон ва Афғонистон юк ташувчилар учун йиғимларни ўзаро камайтиради

Ўзбекистон ва Афғонистон автомобил ташувларида йиғимларни қисқартириш ҳамда миллий ташувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича янги келишувга эришди.

Ўзбекистон ва Афғонистон юк ташувчилар учун йиғимларни ўзаро камайтиради © 24kg

Ўзбекистон ва Афғонистон транспорт ҳамда транзит соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, шунингдек, халқаро автомобиль ташувлари учун мавжуд тўсиқларни бартараф этиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълум қилди.

26-июл куни Қобул шаҳрида Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда Афғонистон транспорт ва авиация вазири Муҳаммад Фозил Мазлум ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Учрашувда икки давлат ўртасида автомобиль ташувларини ривожлантириш, миллий ташувчилар учун янада қулай шароитлар яратиш ва Афғонистон ҳудудида Ўзбекистон юк ташувчиларидан ундириладиган йиғимларни қайта кўриб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғимлар қисқартирилади

Томонлар ташувчилардан олинадиган йиғимларни қисқартириш ҳамда уларни ўзаро тенглик тамойили асосида белгилаш юзасидан идоралараро ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини 10 августга қадар ўтказишга келишиб олди.

Шунингдек, юк ташувчилар фаолиятида учраётган муаммоларни тезкор ҳал қилиш мақсадида Афғонистоннинг тегишли давлат идоралари вакиллари иштирокида алоҳида учрашув ташкил этилиши ҳам белгиланди.

Транспорт вазирлигига кўра, мазкур музокаралар икки мамлакат ўртасидаги транзит салоҳиятини ошириш ва халқаро ташувлар учун янада қулай муҳит яратишга хизмат қилади.

Аввал ҳам имтиёзлар берилган

Ўзбекистон ва Афғонистон транспорт соҳасидаги йиғимларни камайтириш бўйича бундан аввал ҳам келишувларга эришган.

Хусусан, 2024-йил октябр ойида Афғонистон ҳудудига кириш йиғими 30 фоизга — 5 минг афғонидан 3,5 минг афғонигача, «Дўстлик» кўприги орқали ўтиш учун тўлов эса 41,7 фоизга — 12 минг афғонидан 7 минг афғонигача қисқартирилган эди.

Янги музокаралар ушбу жараённинг давоми сифатида баҳоланмоқда. Томонлар йиғимларни янада мақбуллаштириш орқали икки давлат ўртасидаги савдо ва транзит юк ташувлари ҳажмини оширишни мақсад қилган.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Афғонистон юк ташувчилар учун йиғимларни ўзаро камайтиради | Vaqt.uz