
Ўзбекистон ва GM Chevrolet моделларини кўпайтириб, локализацияни оширади
Президент Мирзиёев Вашингтонда General Motors раҳбарияти билан учрашувда янги моделлар, юқори локализация ва янги технологиялар бўйича лойиҳаларни муҳокама қилди.

6 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтган иш сафари доирасида Президент Шавкат Мирзиёев General Motors International компаниясининг глобал ижрочи директори Шилпан Аминни қабул қилди. Учрашув давомида Ўзбекистонда Chevrolet моделларини кенгайтириш ва ишлаб чиқаришни локализация қилиш масалалари муҳокама қилинди.

GM сўнгги беш йилда Ўзбекистонда 1,6 млн авто ишлаб чиқарди. Мамлакатимиз Chevrolet учун АҚШдан кейинги энг йирик бозорга айланди. Шунингдек, бренд Марказий Осиё ва МДҲдаги сотувларда етакчилик қилмоқда.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, томонлар янги моделлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш номенклатурасини кенгайтириш ва локализацияни чуқурлаштиришга келишиб олди. Шу билан бирга, замонавий машинасозлик учун талаб юқори бўлган хомашё ва технологиялар соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

GM билан локализация даражаси аллақачон юқори кўрсаткичларга етмоқда. Янги Onix ва Tracker моделларида 58 фоиз таркибий қисмлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган. UzAuto Motors 2027 йилгача бу кўрсаткични 80 фоизгача етказишни мақсад қилган.

Жорий йилда UzAuto Motors янги Chevrolet Cobalt MCM ҳамда 1,46 млрд сўмлик Chevrolet Tahoe 2025 моделларини тақдим этди. Компания Хоразмдаги заводда Damas минивэнининг янги версиясини ишлаб чиқаришни ҳам режалаштирмоқда.





