add

Ўзбекистон ва Озарбойжон крипто-бозорни биргаликда тартибга солмоқчи

Ўзбекистон ва Озарбойжон нафақат ҳарбий ва сиёсий, балки замонавий молиявий технологиялар соҳасида ҳам яқин иттифоқчига айланмоқда.

Ўзбекистон ва Озарбойжон крипто-бозорни биргаликда тартибга солмоқчи

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Озарбойжон Республикаси Марказий банки капитал бозорлари, суғурта ва крипто-активлар айланмасини ривожлантириш, тартибга солиш ҳамда назорат қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, томонлар ўзаро тажриба ва маълумот алмашиш, қўшма форумлар, семинарлар, тренинглар ва онлайн учрашувлар ўтказиш, қонунчилик ва статистик маълумотлар билан бўлишиш, қўшма тадқиқот лойиҳаларини ва ўқув ташрифларини амалга оширишга келишиб олган.

Финтех ва инновацияларга урғу

Меморандумда «инновацион молиявий технологиялар»ни ривожлантиришга, шунингдек, «молиявий инклюзивлик ва операцион самарадорликни ошириш»га алоҳида эътибор қаратилган.

Таъкидланишича, мамлакатлар молия бозорларининг сезувчан ва тез ўзгарувчан сегментларида — капитал ва суғуртадан тортиб, финтех ва крипто-активларгача бўлган соҳаларда мувофиқлаштиришни кучайтиради.

Геосиёсий ва иқтисодий яқинлашув

Ушбу ҳамкорлик икки давлат ўртасидаги кенг кўламли алоқаларнинг мантиқий давомидир.

2025 йилнинг ноябр ойида Озарбойжон Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувининг тўлақонли иштирокчисига айланган эди.

Декабр ойида Озарбойжон ва Ўзбекистон 2026 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолаган.

Теглар

Мавзуга оид