
Ўзбекистон ва Сербия президентлари Кўксаройда расмий музокаралар ўтказди
Бугун, 28 октябр куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия президенти Александр Вучичнинг расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилган.
Шавкат Мирзиёев Сербия етакчисини самимий қутлар экан, ҳамкорлик давридаги биринчи саммит тарихий аҳамиятга эга бўлишини ва Ўзбекистон – Сербия муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишини таъкидлаган.
«Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган йилда расмий ташрифингиз тарихий воқеадир. Ўзбекистонда Сербияга катта хайрихоҳлик билан қарашади. Халқларимизни мустаҳкам дўстлик ришталари ва ўхшаш менталитет боғлаб туради», — деган Шавкат Мирзиёев.
Музокараларда алоҳида эътибор товар айирбошлашни кўпайтириш, машинасозлик, фармацевтика, кимё саноати, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш, агросаноат мажмуи, туризм ҳамда кўплаб бошқа муҳим тармоқларда кенг кўламли кооперация дастурини тайёрлаш масалаларига қаратилган.
«Марказий Осиё – Болқон» йўналишида янги транспорт йўлакларини, жумладан, Транскаспий коридори доирасида ривожлантириш муҳимлиги қайд этилган.
Ҳамкорликнинг иқтисодий кун тартибини илгари суриш мақсадида келгуси йилда Тошкент шаҳрида Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олинган. Тартибли меҳнат миграцияси, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган.
Етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган.
Ўзбекистон билан Сербия ўртасидаги олий даражадаги музокаралар якунида Кўксарой қароргоҳида дарахт экиш маросими бўлган.
Фахрий меҳмонлар хиёбонида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучич мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ҳамда шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга, икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очишга муштарак интилиш ифодаси сифатида дарахт экдилар.





