Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказишга келишди

Душанбеда ўтган ҳукуматлараро комиссия йиғилишида Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 млрд долларгача оширишни стратегик мақсад сифатида белгилади.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказишга келишди

17 феврал куни Душанбеда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича 13-ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.

Йиғилишда савдо, инвестиция, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, божхона тартиби, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар икки давлат раҳбарларининг изчил сиёсати натижасида муносабатлар барча йўналишларда ривожланаётганини таъкидлади.

2025 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 718,3 млн долларга етган. Бу 2024 йилга нисбатан 22,5 фоизга юқори. Томонлар савдо ҳажмини 2 млрд долларгача оширишни аниқ мақсад сифатида белгилади.

 

Саноат ҳамкорлиги устувор

Йиғилишда саноат кооперацияси устувор йўналиш сифатида қайд этилди. Қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ва янги бозорларга чиқиш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди.

Якунда ҳукуматлараро комиссия фаолияти тўғрисидаги протокол имзоланди. Бу ҳужжат лойиҳаларни амалий босқичга тезроқ олиб чиқиш ва ижрони назорат қилиш механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Бош вазирлар Душанбеда фаолият юритаётган «Gayur-Pak» ва «Gayur Korea Technolgy» корхоналари иши билан танишди. Бу саноат кооперациясининг амалий натижаларини кўрсатди.

 

Қўшма ишлаб чиқариш

«Gayur-Pak» корхонаси замонавий технологиялар асосида йилига 50 млн дона полипропилен қоп ишлаб чиқаради. Маҳсулотлар ички бозор билан бирга экспортга ҳам йўналтирилган.

«Gayur Korea Technolgy» эса 100 дан ортиқ турдаги ёритиш ускуналарини ишлаб чиқаради. Корхонанинг йиллик қуввати 1,2 млн донага тенг бўлиб, асосан ички бозорни таъминлайди.

Мазкур объектлар билан танишув савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказиш режаси саноат ҳамкорлиги ва қўшма лойиҳаларни кенгайтириш орқали амалга оширилишини кўрсатди.

Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга амалий ташрифи давомида АҚШ савдо вазири Ҳовард Латник билан учрашгани, унда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 1 миллиард доллардан ошгани қайд этилгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказишга келишди | Vaqt.uz